Ўзбекистон | 13:26 / 30.03.2024
3342
2 дақиқада ўқилади

Сенаторлар туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга қаратилган қонунни маъқуллади

Қонун билан Солиқ кодексига бир нечта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Фото: Сенат ахборот хизмати

Сенат ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, айни вақтда мамлакатда заргарлик тармоғини саноатнинг асосий драйверларидан бирига айлантириш, заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ва уларнинг савдоси бўйича фаолиятни қўллаб-қувватлаш муҳим саналади. Шу боис тадбиркорлик субъектларининг хомашёга бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида қонун билан Солиқ кодексига заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган қимматбаҳо тошларни Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.

Қонун билан Солиқ кодексини касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйларининг ва дам олиш зоналарининг мазкур йўналишдаги хизматларни кўрсатишдан олган фойдаси фойда солиғидан озод қилиниши тўғрисидаги норма билан тўлдириш ҳам назарда тутилмоқда.

Шунингдек, «Туризм тўғрисида»ги қонунга касаба уюшмалари тизимидаги болалар соғломлаштириш оромгоҳлари негизида болаларнинг дам олиш мавсумидан ташқари даврда ташкил этиладиган дам олиш уйлари ва дам олиш зоналари мажбурий сертификатлаштиришдан озод этилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритиляпти.

Таъкидланишича, мазкур қонун маҳаллий заргарлик буюмларини ишлаб чиқарувчиларни хомашё ресурслари билан таъминлашга ва уларнинг экспорт салоҳиятини оширишга, шунингдек, туризмни ривожлантиришга ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мавзуга оид