Жамият | 10:01 / 08.12.2019
22706
11 дақиқада ўқилади

Ўқитувчиликни мажбурий касбий лицензиялаш нечоғлик долзарб?

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ўқитувчиларни лицензиялаш масаласи бўйича муносабат билдирди.

«Давлатимиз томонидан таълимга кучли эътибор - сўнги уч йилликдаги энг муҳим ислоҳотлардан бири бўлди. Бунда асосий мақсад Ўзбекистоннинг янги таълим тизимини яратиш, ватанимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган, юрт равнақи йўлида муносиб ҳисса қўшувчи малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган. 

Жорий йилнинг 23 август куни президентимиз бошчилигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мактаб таълимини ривожлантириш буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига айланиши, устозларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш – жамиятимизда олий қадрият даражасига кўтарилиши зарурлиги белгиланди.  Шунингдек, жойларда барча раҳбарлар ва мутасаддилар «Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб мактабларга борайлик» шиорини дастуриламал қилиб, мактаб таълимини ривожлантиришга йўналтирилган буюк умуммиллий мақсадга, умумхалқ ҳаракатига етакчилик қилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилди. 

Шунга мувофиқ, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида замонавий услубларни қўллаш ишларини ташкиллаштириш мақсадида турли вазирлик ва идоралар мутасаддиларидан таркиб топган Республика Ишчи гуруҳлари тузилиб, уч ойдан буён барча ҳудудларда фаолият олиб боришмоқда. Мазкур ишчи гуруҳ таркибидаги Таълим инспекцияси вакиллари томонидан вилоятдаги мактаб ўқитувчиларига доимий методик хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш, замонавий дарс ўтишда илғор технологиялардан фойдаланиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида учрашувлар ва маҳорат дарслари ўтказилмоқда. 

Бугун жамиятда ўқитувчилар мавқеини ошириш, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилмаслик, турли имтиёзлар яратиш ва моддий рағбатлантириш бўйича ҳуқуқий асослар яратилмоқда.  Хусусан, умумий ўрта таълим муассасаларида ўрнак кўрсатган ўқитувчиларни рағбатлантириш мақсадида директор жамғармаси ташкил этилган бўлиб, у ўқув-тарбия жараёнининг самарадорлиги ва сифатини оширишни рағбатлантириш,  педагог, психолог ва кутубхона ходимларига ойлик устама белгилаш,  педагог ходимларни мукофотлаш ва уларга моддий ёрдам бериш,  ўқитувчиларнинг касб маҳорати ва малакасини оширишини рағбатлантиришга хизмат қилиб келмоқда. Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги ПҚ–1875-сонли «Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида таълим муассасаларининг чет тил ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига 15-30 фоиз ҳажмда ойлик устама белгилаш механизми йўлга қўйилган. Учинчидан, айрим фанлар чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар, мактаб-интернатлари ва ижод мактабларида дарс бераётган ўқитувчиларга (20 фоиз) қўшимча устама ҳақлар тўланади. Тўртинчидан, ўқув фани бўйича малакаси, дарс ўтиш маҳорати, меҳнати самарадорлиги ва ижтимоий-сиёсий билимларини оширган педагог кадрларни рағбатлантириш, иш ҳақи миқдорини ошириш имкониятларини яратиш мақсадида педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш ва уларга малака тоифаларини белгилаш йўлга қўйилган. 

Шунингдек, жорий йилда педагог кадрлар аттестациядан ўтказиш тартиби янгиланди. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги 392-сон қарори билан «Мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва мактабдан ташқари давлат таълим муассасалари педагог кадрларини аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом» тасдиқланди. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги, тизимдаги амалиётчи ўқитувчилар ҳамда ЮНИСЕФ ташкилоти халқаро экспертлари билан биргаликда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланган ҳолда тайёрланган ушбу Низомда педагог кадрларга қулайликлар яратиш мақсадида аттестация жараёни соддалаштирилди ҳамда жорий йилда март-апрель ойларида навбатдаги ва май-июнь ойларида навбатдан ташқари аттестация ташкил қилинди. 

Йиллар мобайнида педагогларнинг эътирозига сабаб бўлиб келган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ушбу жараёнга бир қатор янгиликлар киритилди. Хусусан, педагог кадрлар аттестациясининг малака (тест) синовлари реал вақт режимида, онлайн тарзда, замонавий ахборот коммуникация технологиялари воситалари билан таъминланган Олий таълим муассасалари ва Таълим инспекцияси биноларида Халқ таълими вазирлиги ҳудудий бошқарув идоралари вакиллари иштирокида ўтказилди. Бу эса ўз навбатида аттестация жараёнларининг шаффоф ва холис ўтказилишида асосий омил сифатида хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, энди педагогларимиз ўз хоҳишига кўра навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этишлари мумкин. 

Статистик маълумотларга кўра, ушбу аттестацияларда халқ таълими тизимида фаолият олиб бораётган 56 500 нафар педагог иштирок этиб, улардан 4457 нафари (7,9 фоиз) олий малака тоифасига, 24 500 нафари (43,3 фоиз) биринчи малака тоифасига эга бўлишди.  2018 йилга нисбатан олий тоифали ўқитувчилар улуши 2,5 фоиздан 3,5 фоизга, биринчи малака тоифалилар 10,2 фоиздан 14,2 фоизга ошди. 

Биламизки, бугун таълим тизимини ислоҳ қилишда халқаро тажрибалардан ва халқаро экспертларнинг тавсияларидан кенг фойдаланамиз.  Аммо мамлакатимизда халқаро экспертлар билан таълим соҳасида янги лойиҳалар муҳокама қилинганда, улар ҳар доим бир нарсани алоҳида таъкидлашади, яъни бир ислоҳот қиламан деб, мавжуд яхши тажрибаларни йўққа чиқармаслик керак.  Чунки бир давлатда яхши ишлаган тизим бошқа мамлакатда тўлиқ ишлаб кетмаган ҳолатлар ҳам кўп кузатилган. 

Юқорида айтилганидек, ўқитувчиларнинг аттестация тизими яқиндагина янги низом асосида жорий қилинганига қарамасдан, бу тизимни бошқа номлар билан аташ орқали ўзгартиришга таклифлар берилмоқда.  Аслида ўқитувчиларни мотивация қилиш учун жараённи қандай номлаш муҳим эмас, асосийси, жорий этилган муайян тизимнинг давомий ва сифатли ишлашини ҳамда педагогларга етарли шарт-шароит яратишни мустаҳкамлаш лозим. Чунки таълим соҳасида олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, ютуқ ва камчиликлари,  моҳияти ва оқибатлари ҳисобга олинмасдан таклиф этилаётган айрим лойиҳалар кенг жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлмоқда.  Айниқса, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинаётган, педагогларга мажбурий касбий лицензия бериш масаласи шулар жумласидандир. Бу жараён ўқитувчилар орасида турли тушунмовчилик ва эътирозларни юзага келтирмоқда. Педагоглар мазкур масала юзасидан аниқлик киритишни сўраб Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига мурожаат қилишмоқда. 

Шу ўринда педагог кадрлар фаолиятини аттестация қилиш, лицензиялаш,  сертификациялаш масаласида хорижий давлатлар тажрибасига назар солсак.  Ҳақиқатан ҳам айрим давлатларда ўқитувчи бўлиб ишлаш учун сертификациядан ўтказилади. Масалан,  Жанубий Кореяда, Японияда ёки Францияда педагогика йўналишида олий таълим муассасаларини битиргач,  ўқитувчилик касби билан шуғулланиш учун марказлашган вакант жойлар бўйича эълон қилинган танловларда қатнашади. Бу танловлардан ўтиш осон эмас, унда талабгорнинг ўз соҳаси бўйича билимлари, педагогик, методик маҳорати, дарс ўтиши каби салоҳиятлари баҳоланади, натижасига кўра иш жойи аниқланади ва қўлига сертификат берилади. Танлов эълон қилинишининг сабаби эса, аксарият ҳолларда бир ўқитувчи ўрнига бир неча талабгор кутиб туради. Давлат олий таълим битирувчиларини иш билан таъминлаш кафолатини бўйнига олмайди, рақобат катта, ким ўтса унга «давлат хизматчиси» кафолатланган ўқитувчи лавозими берилади. 

Ўзбекистонда педагогик фаолият билан шуғулланаётган ўқитувчиларнинг сифат таркибини белгилаш ва улар меҳнатини рағбатлантириб бориш уларни аттестациядан ўтказиш орқали амалга оширилмоқда.  Ўзбекистонда эса халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган 466462 нафар педагог ходимларнинг 64622 нафарини (14,6 фоизи) ўрта махсус маълумотли, 3,1 фоизи олий малака, 14,6 фоизи биринчи малака, 29,4 фоизи иккинчи малака тоифасига эга, қолган 52,9 фоиз ўқитувчи тоифага эга эмас,  педагог кадрларга бўлган қўшимча эҳтиёж 1 ставка ҳисобидан 3396 нафарни ташкил қилади. 

Шундай экан, мактабларда, айниқса, олис, чекка ҳудудлардаги мактабларда олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланмаётган бир вақтда амалдаги тизимни ўзгартирмасдан яъни аттестация жараёнларни юқори савияда ташкил қилиш орқали ҳам кўплаб мақсадларга эришиш мумкин.  Педагогларни ортиқча синаш ва улардан талаб қилиш орқали билим ва салоҳиятларини ошириб бўлмайди.  Дастлаб педагоглар ўз устида ишлаши учун шароит яратиш, сифатли малака ошириш тизимини йўлга қўйиш ҳамда мактабларда ўқитувчига бўлган мавжуд эҳтиёжни қоплаш лозим. 

Яна бир муҳим масала, хорижий тажриба таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки,  педагог ходимларнинг касбий фаолияти учун лицензия бериш умумий ўрта таълим муассасаларининг юқори турувчи органи томонидан эмас, холислик ва шаффофлик принципидан келиб чиқиб,  таълим муассасалари учун нейтрал бўлган ваколатли орган томонидан амалга оширилиши зарур. Аммо таклиф этилаётган лойиҳаларда ушбу жараённинг юқори турувчи вазирлик ўз тизимида амалга ошириши холислик даражасини пастга тушириб юборади. 

Шу билан бирга бугун ўқитувчиларни қийнаётган яна бир жиҳатга тўхталсак.  Мутахассис малака тоифасидан иккинчи малака тоифасига ўтиш Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгиланган. Аммо 2019 йилда иккинчи малака тоифасига талабгор 55 мингга яқин мутахассис педагоглар учун ўтказилиши керак бўлган аттестация жараёни шу кунга қадар кечикмоқда. Ушбу жараён ҳам ўқитувчилар орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда. Шу ўринда, ўқитувчи обрўси, нуфузи ва малакасини ошириш асосий мақсадимиз бўлган бир пайтда,  улар учун яна янги тизим жорий этиш не чоғли фойдали бўлади? Аслида ўқитувчиларнинг ўз устида ишлашга ва тоифа олишга бўлган қизишларини ошириш учун ҳақ тўлашда тоифалар ўртасидаги тафовутни ошириш устида ўйлаб кўриш муҳим, назаримизда. Бу борада таълим тизимини ислоҳ қилишга оид мавжуд қарорларни сифатли ижро этилиши таъминлаш ҳамда муаммоларни жойида ўрганиб ўқитувчиларга амалий кўмак беришда барча вазирлик ва идоралар ҳамкорликда ишлаши лозим», дейилади Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси маълумотида.

Мавзуга оид