Жаҳон | 15:36 / 10.12.2019
13995
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев талабаларнинг стипендиясини 25 фоизга ошириш ҳақида топшириқ берди

Фото: informburo.kz

Қозоғистон Республикаси президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ёшлар форумида 2020 йил январь ойидан бошлаб мамлакатдаги университет ҳамда коллежлар талабаларига бериладиган стипендия миқдори 25 фоизга оширилишини маълум қилди. Бу ҳақда Zakon.kz хабар тарқатди.

- 2020 йил 1 январдан бошлаб бакалавриат, магистратура талабалари ва докторантурада изланиш олиб борувчи ёш олимларга стипендиялар миқдори 25 фоизга оширилсин. Умуман олганда, бу 130 минг кишини қамраб олиши керак, - деди у.

Шунингдек, давлат раҳбарининг сўзларига кўра, коллеж ўқувчиларига ҳам шундай ёрдам кўрсатилади.

- Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг сентябрь ойидан бошлаб ишчи мутахассисликларни эгаллаш ниятида бўлган 122 минг ўқувчига бериладиган стипендиялар миқдори 30 фоизга оширилди. Менинг топшириғимга биноан, ҳукумат 2020 йил январь ойидан бошлаб ўрта махсус маълумотга эга бўладиган коллеж ўқувчиларига ҳам бериладиган стипендияларни 25 фоизга оширади, - дея таъкидлаб ўтди Тўқаев.

Унинг қўшимча қилишича, бу яна 100 минг киши дегани.

- Ишончим комилки, бу чора-тадбирлар талабаларимизга ўзига хос ёрдам бўлиб тегади, - дея хулоса қилган Қозоғистон президенти. 

Мавзуга оид