Йўллар ҳолати – ҳар қандай давлатнинг ривожланиш даражасини кўрсатиб берувчи муҳим омиллардан биридир. Одамлар ҳар куни транспортда, велосипедда ёки пиёда ишга, юмушга, ўқишга боради. Агар йўлларнинг ҳолати яхши бўлса, одамларнинг оғири енгиллашади, узоғи яқинлашади, турмуш шароити яхшиланади, турли қулайликлардан баҳраманд бўлишади. Ёмон бўлса-чи? Йўллар расволиги натижасида енгили оғирлашаётган аҳолининг кайфияти қандай бўлиши мумкин?

Kun.uz таҳририятига келган мурожаатлардан бири айнан шу мазмунда бўлди. Унда Хоразм вилояти, Ҳазорасп тумани, Питнак шаҳарчасидаги «Саяпр», «Шехлар», «Саидлар» маҳаллаларида йўлларнинг абгор аҳволга келиб қолганидан шикоят қилинган эди. 

Учта маҳаллани боғлаб турган бу йўл тахминан 7-8 км узунликка эга. Йиллар давомида унинг асфальт қопламаси емирилиб, тўлиқ яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Иссиқ ва қуруқ мавсумда бу йўллар чанг-тўзон билан қопланмоқда, ёмғирли кунларда лойга булғаниб, ўтиш қийин бўлган ботқоққа айланмоқда. Бу йўлдан ҳаракатланаётган транспорт воситалари тезда ишдан чиқиб, таъмирталаб бўлиб қоляпти.

Серқатнов йўлдан кўтарилаётган чанг уйларни, дов-дарахтларни, автомашиналарни қоплаб олади. Маҳалла аҳолиси шикоят қилишича, чанг-тўзон туфайли нафас олиш ҳам қийинлашиб қолган. Одамлар ёзда ҳам ойна ва эшикларини ёпиб ўтиришга мажбур. Акс ҳолда овқатга ҳам чанг ўтирмоқда. Чанг-тўзон оқибатида нафас йўллари билан боғлиқ бўлган турли касалликлар кўпайиб бораётган бўлса ҳам ажаб эмас.

Бу йўл бўйлаб ишга борадиган катталар, мактабга қатнайдиган болалар безиб кетишган. Чанг туфайли кийим-бошлари бир кунда кир бўлиб қолмоқда. Уларни ювиб, қуритиш ҳам муаммо. Боғда қуритиш учун осиб қўйилган кирларга тезда чанг ўтириб, яна яроқсиз ҳолатга келтиряпти.