21:13 / 12.12.2019
0
6295

«Коррупцияга мойиллиги сезилган 113 ходим ишдан бўшатилган» – Давлат хизматлари агентлиги раҳбари

Давлат хизматлари агентлиги тизимида коррупцияга йўл қўймаслик, коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш, ходимлар томонидан муомала маданиятига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида 2019 йилда 2162та «Сирли мижоз» тадбири ўтказилган.

Бунинг натижасида 1486 нафар ходим тегишли тартибда огоҳлантирилиб, 284 нафарига нисбатан «ҳайфсан», 134 нафарига жарима қўлланган, 113 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинган. Бу ҳақда агентлик раҳбари Халилилло Тўрахўжаев 12 декабрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

«Муомала маданияти йўқ, фуқароларга қўполлик қилган ёки ҳаракатларида қандайдир коррупцион элементлар кузатилган, аҳолига хизмат кўрсатиш чоғида нимагадир шаъма қилган 113 нафар ходим келажакда коррупцион ҳолатлар кузатилишининг олидини олиш мақсадида ишдан бўшатилди. Тизимдагиларнинг ҳаммасини оппоқ деб бўлмайди. Биз уларни тийиб туриш учун турли усуллардан фойдаланиб келяпмиз. Шунчалик шароитларга эга жойда ишлаяпти, кўчада кетмон чопмаяпти, яхши ойлик олаяпти. Халққа хизмат қилишдан афзал иш борми?! Одамларнинг кўзидаги мамнуниятни кўрадиган, сидқидилдан айтилган раҳматини эшитадиган жойда ўтириб, тамагирлик қиладиган кимсаларга орамизда ўрин йўқ», дея Халилилло Тўрахўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда маълум қилинишича, 2018 йилда давлат хизматларини кўрсатишда мурожаатчиларга хизмат кўрсатишнинг 8та тамойили тасдиқланган бўлиб, уларга риоя қилмаган ходимлар агентликнинг ички меҳнат тартиби қоидаларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

«Бизда икки хил назорат қилиш механизми бор. Биринчисини айтдик, «Сирли мижоз» тадбирида ўзимиз ёки бошқа мижозлар, жамоатчилик орқали ходимларимизнинг хатти-ҳаракатларини кузатамиз, хизмат вазифасини бажариш чоғида тамагирлик, қўполлик ва масъулиятсизликка йўл қўйилмаслигини ўрганамиз. Иккинчи механизм бу ҳудудлардаги давлат хизматлари марказлари раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, махсус бўлимларимизда видеокузатув мосламалари орқали ходимлар фуқаролар билан қандай муомала қилаётгани, нималарни гаплашаётганини кузатиб ўтиришади. Видеокузатув орқали ҳаракатларида коррупцияга мойиллик сезилган ходимлар ишдан олинган ҳолатлар ҳам бўлди», дейди Давлат хизматлари агентлиги директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиев. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top