Жаҳон | 23:53 / 16.12.2019
14677
4 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда фуқаролик тўғрисидаги қонун лойиҳаси мамлакатдаги мусулмонларнинг норозилиги ва тартибсизликларга сабаб бўлди

Фото: EPA-EFE/RAMINDER PAL SINGH

Ҳиндистон парламенти Покистон, Бангладеш ва Афғонистондан келган диний озчилик вакилларига фуқаролик бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Мазкур ҳужжат мусулмонларга нисбатан татбиқ этилмайди. Мамлакатда бунинг ортидан тартибсизликлар ва оммавий намойишлар бошланди. Намойишчилар автомобиль ва темир йўлларни тўсиб қўйишди, транспортларга тошлар улоқтиришди, дўконларни талашди. Ушбу ҳужжат нима учун норозиликларга сабаб бўлмоқда?

Қонун лойиҳаси кимларга нисбатан амал қилади?

У биринчи навбатда 2015 йилдан аввал Ҳиндистонга келиб яшаётган Покистон, Бангладеш ва афғонистонлик ноқонуний муҳожирларга дахлдор.

Мамлакатдаги олти диний гуруҳ вакиллари — буддавийлар, христианлар, индуистлар, жайнлар, парслар ва сикхлар Ҳиндистон фуқаролигини олишлари мумкин. Шу билан бирга бу қонун мусулмонлар ҳамда Непал ва Шри-Ланка фуқароларига нисбатан қўлланилмайди. 

Ҳукуматдагилар янги қонуннинг қабул қилинишини диний озчилик вакилларини мусулмон аҳолиси кўп мамлакатларда таъқиб қилинишидан ҳимоялаш деб изоҳлашмоқда. 

Қонун лойиҳаси тарафдорлари ва унга қаршилар нима демоқда?

Ҳиндистондаги мусулмонлар мазкур ҳужжат қабул қилинишидан норози, улар мамлакатнинг дунёвий тамойиллари, энг асосийси, унинг конституцияси бузилаётганини таъкидламоқда. Ҳиндистон асосий қонунида ўз фуқароларига нисбатан диний ажратишга йўл қўйиш тақиқланган ва қонун олдида барча шахсларнинг тенглиги кафолатланган. 

Танқидчиларнинг фикрича, бу қонун лойиҳаси ростдан ҳам таъқиблардан ҳимоя қилишга қаратилган бўлса, у ҳолда унга ўз мамлакатларида таъқибга учраган мусулмон озчилик – масалан, Покистондаги аҳмадийлар ва Мьянмадаги рохинжаларни ҳам киритиш лозим эди. 

"Бхаратия жаната парти" партияси етакчиси Рам Мадхав эса ноқонуний муҳожирлар ҳеч қайси давлатга керак эмаслигини айтиб ҳужжатни ҳимоя қилиб чиқди.

Кимлар Ҳиндистондан чиқариб юборилиши мумкин?

Фуқаролик тўғрисидаги қонунга киритилган тузатишлар август охирида эълон қилинган миллий фуқаролик реестри билан узвий боғлиқ. Уни ноқонуний миграция муаммоларидан хавотирланаётган Ассам штати ҳукумати тузган.

Гап 1971 йил 24 мартгача – қўшни Бангладеш мустақиллиги тан олингунига қадар Ҳиндистонда яшаб келганини исботлай олувчи шахслар рўйхати ҳақида бормоқда. 

Фуқаролик реестрига 2 миллионга яқин маҳаллий аҳоли киритилмаган. Ҳиндистон ҳукумати улар ўнлаб йиллардан буён штат ҳудудида яшаётганига қарамасдан, уларга ноқонуний муҳожир деб қарайди.

Фуқаролик тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан реестрдан жой олмаган номусулмонлар ўзига хос амнистияга тушади ва мамлакатда қолиш имкониятига эга бўлади. Аммо мусулмонлар Ҳиндистонни тарк этишига тўғри келади.

Ҳужжат мамлакатдаги вазиятга қандай таъсир кўрсатди?

Қонун лойиҳаси Ҳиндистоннинг турли қисмлари, айниқса шимоли-шарқда оммавий норозиликлар келтириб чиқарди. Кимлардир депортациядан, яна кимлардир эса қўшни Бангладешдан муҳожирлар ёпирилиб келишидан хавотирланмоқда.

Энг жиддий намойишлар Ассам штатида бўлиб ўтди. The Times of India газетасининг ёзишича, 12 декабрь куни штат пойтахти Гувахатига қўшинлар киритилган. Ассам билан қўшни бўлган Трипура штатига ҳам қўшимча кучлар олиб кирилган.

Нью-Деҳлининг айрим районларида полиция ва намойишчилар ўртасида тўқнашувлар содир бўлган.

Полициянинг айтишича, талабалар уйларга тошлар улоқтиришган, маҳаллий касалхона деразаларини синдиришган. Ўнлаб автомобиллар, мотоцикл ва мопедларга зарар етказилган. Бир нечта автобус ёқиб юборилган. Маълумот берилишича, асосий тартибсизликлар кўпроқ мусулмон талабалар таҳсил оладиган Жомия Миллия Исломия университети атрофида юз берган.

Талабаларнинг норозилик намойишлари Ҳайдаробод ва Банорасда ҳам бўлиб ўтган. Алигарх мусулмон университети (Алигарх шаҳри, Уттар-Прадеш штати) талабалари ҳам кўчаларга чиққан ва полиция билан тўқнашувлар содир этган.

Мавзуга оид