12:53 / 16.12.2019
0
4094

ССВ «Гулшан» боғида клиника қурилиши жараёнида ҳудуд ободонлаштирилишини маълум қилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент шаҳридаги «Гулшан» боғи ҳудудида кўп тармоқли клиника барпо этилиши, қурилиш ишлари жараёнида боғдаги дарахтларга зиён етказилмаслиги, клиника атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилишини маълум қилди.

«Ижтимоий тармоқларда тарқалган «Хайр, «Гулшан» боғи» сарлавҳали танқидий материал юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги қуйидагиларни маълум қилади.

Айни пайтда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Тошкент шаҳрида ҳам янги тиббиёт муассасаларини қуриш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, юқоридаги материалда номи келтирилган Мирзо Улуғбек туманидаги «Гулшан» боғида, шунингдек, Тошкент тиббиёт академияси ва Боровский номидаги тиббиёт коллежи каби ҳудудларда жами тўртта замонавий, кўп тармоқли клиникалар қурилишини ташкил этиш бўйича фаол ишлар олиб борилмоқда.

Ушбу янги ташкил этилаётган барча тиббиёт муассасалари замонавий архитектура ва қурилиш меъёрларига мувофиқ, энг аввало, экологик талаблар, санитария норма ва қоидаларига мувофиқ бунёд этилади.

Чунончи, «Гулшан» боғидаги қурилиш жараёнида боғдаги дарахтлар ҳолати қатъий назоратга олинган. Яъни йирик дарахтларнинг жойида қолиши ва кесилмаслигини ҳисобга олган ҳолда қурилиш ишлари олиб борилади. Табиийки, кичик дарахтлар эса бошқа жойларга махсус техникалар ёрдами билан кўчириб ўтказилади. Умуман олганда, ҳозирги кунда қаровсиз аҳволга келган мазкур боғ ҳудудида кўп тармоқли тиббиёт клиникаси қурилиши баробарида, атрофи ҳам аҳолининг яйраб ҳордиқ чиқаришини таъминлаш мақсадида кўркам қилиб, ободонлаштирилиши кўзда тутилган.

Шу ўринда қайд этиш керакки, 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш доирасида замонавий ва инновацион тиббиёт муассасаларини барпо этиш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Сўнгги уч йил ичида юртимизда 1300дан ортиқ тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмирлаш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Хусусий тиббиёт сектори ҳам жадал ривожланмоқда. Сўнгги икки йил ичида нодавлат тиббиёт муассасалари сони 1500тага кўпайиб, ҳозирда уларнинг сони 5300тадан ошди.

Аҳолининг кўпайиши ва мамлакатимизга келаётган чет эллик сайёҳлар сонининг муттасил ўсиб бориши муносабати билан Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қарши ва бошқа йирик шаҳарларда юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Эътиборли жиҳати, 2020 йилги инвестиция дастури доирасида биргина Тошкент шаҳридаги 34та тиббиёт муассасасида умумий қиймати 180 миллиард сўмлик қуриш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Шу ўринда келгуси йилнинг биринчи чорагида тўртинчи даражали Болалар миллий тиббиёт маркази фойдаланишга топширилишини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.

Кўриниб турибдики, юртимизда бўлгани каби пойтахтимизда ҳам соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган хайрли ишлар замирида аҳолини сифатли тиббий хизмат билан қамраб олишдек эзгу мақсад мужассам», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top