Иқтисодиёт | 22:24 / 17.12.2019
40843
8 дақиқада ўқилади

Давлат ташқи қарзи ўсиши яхшими ёмонми? — Молия вазири ўринбосари билан суҳбат

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов билан «Давлат қарзи ва иқтисодий тараққиёт» мавзусида суҳбат уюштирди. Вазир ўринбосари интервью давомида халқаро молиявий институтлар томонидан бугунги кунда Ўзбекистондаги ислоҳотларга қандай ёрдам кўрсатилаётгани ҳамда бугунги кунда Ўзбекистон олаётган катта қарзлар келажакда қандай қайтарилиши ҳақидаги саволларга жавоб қайтарган.

— Сизнингча, ХВФ ва Жаҳон банки Ўзбекистоннинг ҳозирги ислоҳотларига етарлича ёрдам беряптими? Берилаётган молиявий ёрдам камдек кўринмаяптими? Биз кўп пул сўрамаяпмизми ёки улар бермаяптими?..

— Менинг назаримда етарлича ёрдам бериляпти. Асосий ёрдам - техник кўмак бўлмоқда. Айниқса Халқаро валюта жамғармаси томонидан фискал ва монетар сиёсат учун кўрсатилаётган кўмак биздаги тизимни, методологияни, инсонларнинг кўникмаларини оширишга ёрдам беради. Жаҳон банки ҳам техник кўмак кўрсатмоқда.

Қолаверса, молиявий кўмак ҳам берилмоқда. Хусусан, 2019 йилда берилган кредит суммаси бўйича минтақада (Шарқий Осиё ва Марказий Осиё) Туркиядан сўнг иккинчи ўринда турамиз. Ҳозирда Ўзбекистонга ёрдам бериш борасида Жаҳон банки Осиё тараққиёт банкидан кейин иккинчи ўринда турибди ва унинг ёрдам портфели миқдори шу пайтгача бўлган вақт давомида 3 млрд долларга етиб қолди. Бу - лойиҳаларнинг ўзлаштирилган қисми. Лойиҳалар жами 6-7 миллиард доллардан кўп. Осиё тараққиёт банки эса 4 млрд долларга яқин. Бу ҳам ўзлаштирилган қисми.

Бу катта сумма. Бизнинг ЯИМ 2018 йилда 50 миллиард доллар, 2019 йилда 60 миллиард доллар. 3 миллиард доллар Ўзбекистон ЯИМининг 5 фоизи деганидир. Шу томондан қараганда бу катта сумма. Биз 10 миллиард доллар қарз олишимиз ҳам мумкин, лекин биринчи навбатда сифатга эътибор беришимиз муҳим.

— Давлат молиясида пул кўпроқ бўлгани яхшими ёки йўқми? Негаки, АҚШда консерватив иқтисодчиларда давлатда керагидан кўп пул бўлса, бу ёмон ишларни бошлаб юбориши мумкин деган тушунча бор. АҚШ контекстида бу уруш ва ҳоказоларни англатади. Ривожланмаган мамлакатларда пул кўпайиб кетиши коррупция урчиши, ҳар хил саройлар қурилишига олиб келади. Шу маънода, ҳозир бизда пул кўп бўлса, уни қаерга ишлатишни биламизми, ёки бизда пул кўп бўлмагани маъқулми?

— Сўнгги уч йилда инвестициялар ҳажми ошди, кредитлар олиниши ҳам ошди. Бу маълумотлар ошкор қилиб келинмоқда. Умуман олганда рақамлар анча юқори. Масалан, давлат қарзини айтадиган бўлсак, давлат кафолатлаган қарзи ва давлат тўғридан-тўғри олган қарзи 2019 йил 1 июль ҳолатига кўра 13,174 млрд долларни ташкил қилди. Бу ЯИМга нисбатан 23,2 фоиз. Бу кўп эмас, мўътадил. Лекин ўтган йил охирида 9,8 млрд доллар эди. Демак, 6 ой мобайнида давлат олган кредитлар миқдори 3,4 млрд долларга ўсди.

Давлат молиясида иложи борича керакли лойиҳаларга етарли пул бўлиши керак. Бизда ҳозир етарли. Лойиҳаларнинг сони, ҳажми эмас, сифатга эътибор қаратиш керак. Ҳозир 10 миллиард долларни олиб, уни бирданига ишлатиб бўлмайди. Ҳар бир нарсанинг ичига кириб чиқиш керак, етти ўлчаб бир кесиш керак, қарзга олинган ҳар бир долларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак.

— Ўзбекистон жамоатчилигида шундай фикр бор - қарз ёмон нарса. Яъни, қарз ўсишини мамлакат иқтисодидаги муаммолардан дарак деб ҳисоблашади. Сиз давлат ташқи қарзи ўсиши ҳақида нима дейсиз? Бу яхшими ёмонми?

— Биринчи навбатда қарз нимага ишлатилишига эътибор қаратиш керак. Шу пайтгача биз ташқи қарзни истеъмол учун ишлатганимиз йўқ, бюджет дефицитини қоплаш учун ишлатмаяпмиз. Биз ташқи қарзни асосан инвестиция лойиҳаларига ишлатяпмиз. Бу лойиҳалар иш ўринлари ташкил қилади, бу ялпи ички маҳсулот ўсишига таъсир қилади, керак бўлса экспорт ўсишига таъсир қилади.

Биринчи ярим йилликда 13,1 миллиард долларлик ташқи қарз бўлган бўлса, бунинг деярли юз фоизи инвестиция лойиҳаларига жалб қилинган.

— Давлат қарз олди. Масалан, ХВФдан эмас, Жаҳон банкидан. Мактаблар қурди. Бу истеъмолми ёки инвестициями? Масалан, Жаҳон банкидагилар мактаб қуришни, шифохоналарни таъмирлашни, йўл инфратузилмасини яхшилашни инсон капиталига инвестиция дейишади. Сиз айтаётган завод ёки бошқа қурилишлар учун қарз олиш - кўпроқ истеъмолга ўхшаяпти. Чунки унинг манфаатдорлари чекланган доирадаги инсонлардир. Ундан кўра пул бюджетга ишлатилгани яхшироқмасми?

— Албатта, ижтимоий лойиҳаларга ҳам кредитлар олиб ишлатиляпти. Масалан, йўл қуришга, ичимлик суви чиқаришга. Инвестициялар дастури бўйича ишлар қилиняпти. Истеъмол ва инвестиция орасидаги чизиқ ҳамиша тўғри чизиқ бўлмайди.

Айтмоқчиманки, олинган кредитларнинг аксар қисми лойиҳаларга жалб қилинди, яъни кредит олиниб, давлатнинг турли харажатлари ишлатилмади. Мен кўп давлатларда ишлаганман, 4-5 фоизгача бюджет дефицитлари кузатилган. Сабабини сўрасангиз, бу кўп ҳолларда ижтимоий харажатлар билан боғлиқ. Мактаб қуриш, сув чиқариш ёки шифохона қуриш ижтимоий харажатлардир.

Ўзбекистонда 2019 йилда ЯИМ қарийб 60 миллиард доллар бўлса, ЯИМ жон бошига 1800-1850 доллар бўлади. Ўтган йили 1500 доллар бўлганди. Бир йил ичида 10 миллиард долларга ўсади.

Айтмоқчиманки, ижтимоий инфратузилмани жуда яхши сақлаб турган ҳукуматлардан бири ҳисобланамиз. ЯИМ киши бошига 1800 доллар тўғри келадиган бошқа мамлакатларга бориб кўрсангиз, улардаги шароит биздагидан катта фарқни кўриш мумкин.

— Қарзни ҳукуматдагилар олади. Лекин лойиҳаларни тузган одамлар бир кун келиб ишдан кетиши мумкин ва қарз халқнинг бўйнида қолади. Болаларимиз тўламайдими кейин у қарзни?

— Тўппа-тўғри. Халқ тўлайди. Лекин битта нарсани билишимиз керак. Ҳозирги ислоҳотлар. Жуда кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Нафақат иқтисодиётда, балки бошқарув соҳасида, таълим соҳасида, ташқи сиёсатда. Ислоҳотлар эса харажатсиз бўлмайди.

Боя Польшани мисол қилиб келтирдингиз. 90-йилларда катта қарз олган. 30 миллиард доллар. Ҳозир Польшага бориб кўринг, ривожланган мамлакатлардан кам жойи йўқ. Чунки ўша пайтда тўғри ислоҳотлар қилинган, халқаро молия институтларидан, ХВФ, Жаҳон банкидан, Осиё тараққиёт банкидан, Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан кўп ёрдам олган, нафақат молиявий, балки катта техник кўмак олган. Бу инвестициялар оқимига ижобий таъсир қилган. Натижада, Польша 20-25 йил ичида йирик иқтисодиётга айланди ва ўз иқтисодиётини тўлиқ ислоҳ қилишга ўрганди.

Ҳозир Польшанинг қарзи қанча? Бу ЯИМнинг 50 фоизига тенг. Польшанинг ЯИМи 500 миллиард доллар. Демак, уларда 250 миллиард доллар қарз бор. Кўп қисми 5 йиллик, 10 йиллик, 30 йиллик.

Аввало ишонч керак, мана шу ислоҳотлар 10 йилдан кейин ялпи ички маҳсулотимиз 2 баравар ўсишига олиб келса, жон бошига ЯИМ 1,5 баравар ошса, бизнес иқлим яхшиланса, иқтисодиётимиздаги кўп ислоҳотлар мева бера бошласа, таълим яхшиланса, соғлиқни сақлаш соҳаси яхшиланса, нима учун қарзларни келажак авлод тўламаслиги керак? Польшадан бошқа мисоллар ҳам бор. Барчаси тўғри йўналтирилса, келажакда ҳолат албатта яхшироқ бўлади.

Биз 10 йилда, 15 йилда шундай республикани ярата олсак, ислоҳотлар мевасини берса, қарзимиз ўсишда давом этса ҳам, 50 миллиард долларга етса ҳам, иқтисодий салоҳиятимиз ҳам икки баробар ошса, 120-130 миллиард долларлик иқтисодиётни ярата олсак, нима учун бундан қўрқишимиз керак?

Коррупция омилини ҳам инкор қилмаслигимиз керак. Барча лойиҳалар амалга оширилиши доимий назорат остида бўлиши керак. Бу жудаям муҳим омил. 

Менинг назаримда қарз ўсишидан жиддий хавотирланишга ўрин йўқ.

Мавзуга оид