Иқтисодиёт | 17:43 / 18.10.2024
6061
3 дақиқада ўқилади

“Қарз олинганига яраша, иқтисодий кўрсаткичлар барқарор бўлиши лозим” — Жаҳон банки катта иқтисодчиси

Ўзбекистон давлат қарзи жорий йилнинг биринчи ярмида 37 млрд долларга етди. Шундан 30,9 млрд доллари ташқи қарз ҳисобланади. Тошкентдаги Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталигида қатнашаётган Жаҳон банки катта иқтисодчиси Пинар Яшарга кўра, ташқи қарз масаласида эҳтиёткорлик керак.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбири панел сессияда чиқиш қилган иқтисодчи Пинар Яшардан Ўзбекистоннинг ташқи қарзи, инфляция ва иқтисодиёт олдидаги мураккаб масалалар ҳақида сўради. Яшарга кўра, бозор иқтисодиётига ўтиш давридаги мамлакатларнинг ташқи қарз олиши одатий ҳол, лекин бу борада ўта эҳтиёткорлик керак.

“Одатда биз бозор иқтисодиётига ўтаётган давлатларнинг ташқи қарзи кўпайишини олдиндан кутамиз. Чунки уларга молиявий кўмак жуда зарур бўлади. Ўзбекистон бўйича ҳа, қарзи стабил кўпайиб боряпти. Бу динамикада ўта эҳтиёткорлик талаб этилади, қарз олинганига яраша иқтисодий кўрсаткичлар стабил ошишини таъминлаш керак. Ҳозир республика ўтиш даврида эканини инобатга олсак, йиллар ўтиб агар молия бозори ривожланса, ишлаб чиқариш кўпайса, қарз ҳам камаяди”, – дейди Пинар Яшар.

Жаҳон банки вакилига кўра, инфляция кўрсаткичи Ўзбекистонда жуда юқори эмас, аммо уни назорат қилиш муҳим. Ташқи таъсирларни ҳукумат назорат қилолмайди, дейди Пинар.

“Инфляция ҳам жиддий мавзу, лекин Ўзбекистонда инфляция даражаси ўта юқори деёлмайман. Глобал бозорлардаги нарх-наво ҳам, албатта, таъсир қиляпти. Талаб ва таклиф факторидан келиб чиқиб қаралса ҳам, ўсиш кузатилмоқда. Бунда Ўзбекистон Марказий банкига кўп нарса боғлиқ, уларнинг кутилмалари ва оқилона ишлаши, тез-тез қарор қабул қилиши – инфляция динамикасини ўзгартиради. Лекин ташқи таъсирларни ҳукумат хоҳласа ҳам назорат қилолмайди. Шундай бўлса ҳам, Ўзбекистонда инфляция назоратдан чиқиб кетган деёлмайман. Бироқ инфляцияни ҳозиргидан пастроқ даражага тушириш мумкин”, – дейди катта иқтисодчи.

Пинар Яшарнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон олдида турган муҳим чақириқлар иқтисодиётда давлат улушини қисқартириш, хусусий сектор фаоллигини ошириш, бозорларнинг либераллашиши билан боғлиқ.

Аввалроқ Жаҳон банки Ўзбекистонни Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг тез ўсаётган учта иқтисодиётдан бири эканини эътироф этганди.

Мавзуга оид