Ўзбекистон | 21:16 / 17.12.2019
4858
2 дақиқада ўқилади

«Кимдир номзодидан воз кечса, сайлов бюллетенлари қайта чоп этилмайди» – МСК раиси ўринбосари

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Маҳмуд Истамовга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзод сайловга тўрт кун қолгунга қадар номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун тегишли вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилиши кифоя. Бундай ҳолларда сайлов бюллетенлари қайта чоп этилмайди.

Маҳмуд Истамов

«Агар қайсидир номзод ўз номзодидан воз кечадиган бўлса, сайлов бюллетенини чоп этишнинг имконияти йўқ. Бундай ҳолатда округ ёки участка сайлов комиссиялари томонидан кўк рангли ручкада бюллетендаги номзоднинг исм-фамилияси устидан чизиқ тортиш орқали ўчирилади», дейди Маҳмуд Истамов.

Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосарининг таъкидлашича, 12–18-декабрда ўтказиладиган муддатдан олдин овоз бериш жараёнида сайловда қатнашишдан воз кечган номзодга овоз берган бўлса, бу бюллетен ҳақиқий эмас деб топилади.

Тадбирда «Миллий тикланиш» партияси томонидан 63-Каттақўрғон сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган Собир Шукуров ҳамда «Адолат» социал демократик партияси томонидан 54-Норин сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод этиб кўрсатилган Абдували Мавлонов ўз аризасига мувофиқ номзодлар рўйхатидан чиқарилди.

«63-Каттақўрғон ҳамда 54-Норин округ сайлов комиссиялари жойлашган барча сайлов участкаларига тарқатилган бюллетенларда кўрсатилган ушбу номзодларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилган сатр устига кўк рангли ручкада тўғри чизиқ тортиб ўчириш йўли орқали рўйхатдан чиқаришни таъминлаш вазифаси юклатиляпти. 22 декабрь куни мазкур икки сайлов округи ҳудудидаги участка сайлов комиссиялари томонидан овоз бериш натижаларини санаб чиқишда ушбу номзодлар учун муддатидан олдин берилган овозлар, яъни бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади», дейди МСК аъзоси Суяржон Қурбонқулов.

Мавзуга оид