Ўзбекистон | 08:59 / 17.12.2019
10342
2 дақиқада ўқилади

«Ўзавтосаноат» икки қўшма корхона ўртасидаги баҳс юзасидан расмий баёнот берди

ОАВда Жанубий Кореянинг «Uz-Dong Yang Co» ҚК (муассисларидан бири «Ўзавтосаноат» АЖ) ва «Uz-Metertech Co» ҚК ўртасидаги ўзаро муносабатларда юзага келган муаммолар тўғрисида ахборот тарқалди. 

Барча материалларни ўрганиб чиқиб, «Ўзавтосаноат» АЖ «Uz-Dong Yang Co» ҚКнинг корейс томони билан яқин ҳамкорликни давом эттиришини расман маълум қилди. Бундан ташқари, мамлакатда 1996 йилдан бери муваффақиятли фаолият юритиб келаётган «Uz-Dong Yang Co» ҚК билан қўшма лойиҳалар доирасида фаолиятни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Билдирилишича, «Ўзавтосаноат» АЖнинг асосий вазифаларидан бири истеъмолчиларни сифатли маҳсулот билан узлуксиз таъминлаш, автосаноатдаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кўмаклашиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш орқали таннархни оптимизациялашдан иборат. Уларни бажариш доирасида «UzAuto Motors» АЖ томонидан келгусида икки компания ўртасидаги баҳснинг асосий манбаи бўлган жиҳоз сотиб олинган. «UzAuto Motors» АЖ заводларини деталлар билан ўз вақтида таъминлаш бўйича ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал қилиш учун ушбу жиҳоз компания тасарруфида қолган ҳолда, «Uz-Dong Yang Co» ҚКга беғараз фойдаланишга тақдим этилган.

Қайд этилишича, томонлар баҳси суд тартибида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ кўриб чиқилади. 

«Ўз навбатида, «Ўзавтосаноат» АЖ барча масалалар қонун доирасида адолатли ҳал этилишига амин бўлиб, «Uz-Metertech Co» ҚК ва «Uz-Dong Yang Co» ҚК ўртасида юзага келган масалалар ушбу корхоналарнинг «UzAutoMotors» АЖ билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигига асло таъсир кўрсатмайди. 

Компания маҳаллий автомобилсозлик тармоғи ривожига муносиб улуш қўшаётган хорижий инвесторлар учун қулай шароитларни яратиш учун барча чораларни кўришда давом этади», - дейилади компания хабарида.

Мавзуга оид