Жаҳон | 19:10 / 18.12.2019
15831
4 дақиқада ўқилади

Трампнинг импичменти: Конгресс овоз беришга тайёрланмоқда

Фото: REUTERS/Andrew Kelly

АҚШ президенти Дональд Трампни ҳокимиятдан четлатиш жараёни якуний босқичга чиқди. Бугун, 18 декабрь куни Вакиллар палатасида овоз бериш бўлиб ўтади. Ушбу босқичда аксарият демократлар импичментни қўллаб-қувватлашга тайёр. Агарда етарлича овоз тўпланса, иш республикачилар кўпроқ бўлган Сенатга тақдим этилади.

 Импичментга нима асос бўлмоқда?

13 декабрь куни Вакиллар палатасининг юридик қўмитаси давлат раҳбарига қарши иккита: ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ва ўз фаолияти текширилишига қаршилик кўрсатиш айбловларини тасдиқлади. 16 декабрда конгрессменлар ўз қарорларини асослайдиган 169 саҳифадан иборат ҳисоботни эълон қилишди. Уларнинг фикрича, президент "давлатга хиёнат, порахўрлик ва бошқа оғир жиноятлари ва қонунбузарликлари учун импичмент тартибида лавозимидан четлатилиши шарт".

Бунинг ортида Украина президенти Владимир Зеленскийга нисбатан босим ўтказиш айблови ётибди.

ОАВда Трамп ва Зеленскийнинг ғайриоддий телефон суҳбати тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлганидан сўнг АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси импичмент жараёни бошланганини эълон қилди. АҚШ президенти гўёки киевлик ҳамкасбидан собиқ вице-президент Жозеф Байден ва унинг Украинада ишлаган ўғлига нисбатан айбловлар топишни талаб қилган. Акс ҳолда эса Киевга ҳарбий ёрдам ажратилишини тўхтатиб қўйиш билан таҳдид қилган.

 Республикачилар нима демоқда?

Вакиллар палатасидаги озчилик республикачилар Трампга қарши айбловларни асоссиз деб ҳисоблашмоқда.

Овоз бериш арафасида Дональд Трамп Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосига ёзган мактубида импичментга уринишни изоҳлади. У мухолифатнинг ҳаракатларида Америка демократиясига қарши "очиқ уруш"ни кўрмоқда.

 Импичмент нима?

Бу президентни лавозимидан четлатиш жараёни. Конституцияга мувофиқ, импичмент "давлатга хиёнат, порахўрлик ва бошқа оғир жиноятлар ва қонунбузарликлар"да айбланган федерал хизматчилар (жумладан АҚШ президенти)ни жавобгарликка тортишни кўзда тутади. Айбловни фақатгина Конгресс Вакиллар палатаси илгари суриш ҳуқуқига эга, суд мажлислари эса Сенатда (юқори палата) АҚШ Олий судининг бош судьяси раислигида бўлиб ўтади.

 АҚШда бундай ҳолатлар илгари ҳам бўлганми?

АҚШда давлат раҳбарининг импичмент жараёни уч марта илгари сурилган, аммо бирортаси ҳам охиригача етмаган. 1868 йилда президент Эндрю Жонсон (1865–1869) ҳарбий вазирни ноқонуний истеъфога чиқаришда, 1998-1999 йилларда Билл Клинтон (1992–2000) ёлғон гувоҳлик бериш ва одил судга тўсқинлик қилишда айбланган, аммо иккала президент ҳам Сенат томонидан оқланган. Ричард Никсон (1969–1974) Сенатдаги тингловлар бошлангунига қадар истеъфога чиққан. Унга нисбатан "Уотергейт" иши доирасида импичмент хавфи туғилганди.

 Президентни четлатиш жараёни қандай ўтади?

Дастлаб Вакиллар палатаси импичмент тўғрисидаги иш кўриб чиқилиши учун юридик қўмитага берилиши бўйича овоз беради. Агарда қўмита импичмент учун асос бор деб топса, у президентга нисбатан айблов хулосасини тайёрлайди ва тасдиқлайди.

Сўнгра ушбу ҳужжат тўлиқ таркибдаги Вакиллар палатаси кўриб чиқиши учун тақдим этилади. У тасдиқланиши учун конгрессменларнинг кўпчилик овози талаб қилинади. Кўпчилик овоз билан тасдиқланган тақдирда, айбловлар Конгресс Сенатига тақдим этилади ва суд жараёни бошланади. Бу ерда Вакиллар палатаси айбловчи томон, сенаторлар эса ҳакамлик суди аъзолари вазифасини бажаради. Импичмент амалга ошиши учун сенаторларнинг учдан икки қисмидан кам бўлмаган овози зарур (67тадан кам бўлмаган).

 Трампга импичмент хавф солмоқдами?

Демократлар назорати остида бўлган Вакиллар палатаси (435 ўриндан 235та) импичмент жараёни бошланганини эълон қилди. Аммо бу Трамп албатта истеъфога чиқишини англатмайди. Демократ конгрессменлар назарий жиҳатдан импичмент учун кўпчилик бўлиб овоз бериши мумкин, аммо бу масала республикачилар кўпчилик бўлган (100 ўриндан 53та) Сенат ихтиёрига ўтади. Сенатнинг ҳозирги таркиби билан импичмент учун овоз бериш эҳтимоли йўққа чиқади.

Мавзуга оид