Ўзбекистон сайловлар остонасида турибди. Ҳар бир кун, ҳар дақиқа бизни бу муҳим сиёсий жараёнга яқинлаштирмоқда. Биз Марказий сайлов комиссияси аъзоси, юридик фанлари доктори Гулноза Исмоилова билан суҳбатда бўлдик.
– Гулноза опа, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар!”, бу шиор биз учун нимани англатади?
– Ўзбекистон чиндан янгиланди. Сўнгги йиллардаги ислоҳотлар самарасига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Мана шу янги даврдаги илк сайловларимиз албатта катта қизиқишга сабаб бўлди ва кўплаб хорижий давлатлар ўз кузатувчиларини бизга юбормоқдалар. Бу шиорнинг туғилиши ҳам бежизга эмас. Янги сайлов кодексини қабул қилдик, унда қатор ижобий ўзгаришлар, янгиликлар ўрин олган. Умид қиламизки, жойларда сайлов жараёни ва овоз бериш куни қонунларимизга мувофиқ, уюшқоқлик билан ўтказилади.
– Хорижий кузатувчилар ҳақида гапирдингиз, уларнинг сони неча нафарга етди ва яна қанчасини кутяпмиз?
– Бугунги кунга қадар (суҳбат 16 декабрь куни ёзиб олинган. Таҳр.) 180 дан ортиқ хорижий кузатувчига МСК томонидан аккредитация берилди. Улар узоқ ва қисқа муддатли кузатувчилар, яна айнан сайлов кунларига яқин 500-600* нафар кузатувчини кутяпмиз. Улар орасида турли давлатлар, йирик ташкилотлар, турли иттифоқлар вакиллари мавжуд. Ҳар қандай давлат ўз кузатувчисини юбормоқчи бўлса, тегишли тартибда мурожаат қилиши ва ҳужжатларини топшириб, рухсатнома олиши мумкин. Кузатувчиларнинг келиб-кетиш ва Ўзбекистонда бўлиш харажатлари ўз давлатлари ёки уларни йўллаган ташкилотлари ҳисобидан қопланади. Бугунги кунда халқаро ташкилотлар, жумладан ЕХҲТ демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича Бюроси, ЕХ ҲТ Парламент Ассамблеяси, МДҲ, ШҲТ ва бошқа халқаро кузатувчилар миссиялари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатилган.
– Кузатувчиларнинг ваколатлари қай даражада?
– Биз халқаро кузатувчилар билан бирга маҳаллий кузатувчиларимиз ҳам иш олиб боришларини эътиборга олишимиз керак. Маҳаллий кузатувчилар қаторида авваллари фақат сиёсий партия кузатувчилари иштирок этган бўлса, Сайлов кодексида ўз аксини топган янгилик - фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари кузатувчиларининг иштироки ҳам жуда муҳим. Кузатувчиларнинг ваколатлари жуда ҳам кенг. Улар сайлов жараёнининг барча босқичларида, жумладан сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш, тайёргарлик ишларининг боришини кузатиш, овоз бериш жараёнида ҳамда бюллетенларни санаш, натижаларни ҳисоблаш жараёнларида ҳам иштирок этишлари мумкин.















