Жаҳон | 21:12 / 19.12.2019
3562
2 дақиқада ўқилади

Пьер де Кубертеннинг Олимпия манифести 8,8 млн долларга сотилди

Замонавий Олимпия ўйинларининг асосчиси Пьер де Кубертеннинг Олимпия манифести Sotheby's аукцион уйидаги савдолар вақтида бошланғич нархидан 16 марта қимматроққа сотилди. Бу ҳақда аукцион уйи матбуот хизмати хабар берди. 

Аукцион 18 декабрда бўлиб ўтган ва 3 томон ўртасида 12 дақиқа давом этган. Лотнинг бошланғич нархи 500 минг доллар этиб белгиланган, бироқ якунда у 8,8 млн долларга сотилган.

Кубертен манифестни 1889 йилда ёзган. 14 варақдан иборат қўлёзмада замонавий Олимпия ўйинларининг асослари баён этилган. Кубертен унда “халқлар ўртасидаги кураш фақат спортда бўлиши кераклиги”ни таъкидлаб ўтган. 

Пьер де Кубертен Олимпия ўйинларининг тикланиши ташаббусчиси бўлиб, у томонидан ўйинларнинг рамзи, қасамёди ишлаб чиқилган. Шунингдек, у   томонидан Олимпия ўйинларининг шиори сифатида “Тезроқ. Юқорироқ. Кучлироқ” ибораси таклиф этилган. Олимпия ўйинлари вақтида олижаноблик кўрсатганлик ва иродалилик учун ХОҚ томонидан топшириладиган махсус мукофот Кубертен шарафига номланган.

Мавзуга оид