France Télécom компаниясининг собиқ раҳбари ўнлаб ходимларнинг ўз жонларига қасд қилиши бўйича иш доирасида қамоққа ҳукм қилинди
Франция суди France Télécom (ҳозирги номи Orange) телекоммуникация компаниясининг собиқ бош директори ва президенти Дидье Ломбардга компания ходимларининг оммавий равишда ўз жонларига қасд қилишлари бўйича иш доирасида ўз ҳукмини эълон қилди. Бу ҳақда BBC News хабар берди.
77 ёшли Ломбард 12 ойга озодликдан маҳрум қилинди. У 4 ойни панжара ортида ўтказади, қолган 8 ойи эса шартли равишда тайинланди. У шунингдек, 15 минг евро жарима тўлайди. Ломбарднинг ўринбосари ва HR-департаменти собиқ директорига ҳам худди шундай жазо тайинланди.
Суд Ломбард ва компаниянинг икки топ-менежерини ўз қўл остидагиларга нисбатан руҳий босим ўтказишда, бунинг натижасида France Télécom ходимлари ўз жонларига қасд қилишганида айбдор деб топди. Бундан ташқари, яна тўрт нафар топ-менежер жиноятга шерикликда айбдор деб топилди ва ҳар бири шартли равишда тўрт ойга қамоқ жазосига ҳамда 5 минг евро жарима тўлашга ҳукм қилинди.
Суд иши давомида France Télécom компаниясининг 39 нафар ходими иши ўрганилди, улардан 19 нафари ўзини ўлдирган, 12 нафари ўзини ўлдиришга уринган. Қолган саккиз киши тушкунликка тушган.
2000-йилларда France Télécom раҳбарияти компания реструктуризациясини ўтказган. Компания топ-менежменти 22 минг иш ўрнини қисқартириш ва 10 минг ходимни қайта ўқитишни режалаштирган. Бунинг доирасида қатор ходимлар оилаларидан узоққа, бошқа шаҳарларга жўнатилган, айримларига эса ўзларига муносиб деб билмаган ишлар топширилган. Бунинг натижасида оммавий ўз жонига қасд қилишлар содир бўлган.