Ўзбекистон | 17:35 / 20.12.2019
3003
4 дақиқада ўқилади

Олий Мажлис Сенатида ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси ва МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси делегациялари билан учрашув бўлиб ўтди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг ЕХҲТ Парламентлараро Ассамблеяси (ПА)нинг Георгий Церетели бошчилигидаги делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Г.Церетели ЕХҲТ ДИИҲБ қисқа муддатли кузатувчилари ва ЕХҲТ ПА мувофиқлаштирувчиси сифатида парламент сайловида иштирок этиш учун Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Танзила Норбоева Ўзбекистон ЕХҲТ ПАга аъзолигини тиклаганини ва бу Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси фаолиятидаги муҳим йўналиш эканлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув давомида ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайловни кузатиш учун ташкилотнинг иштирокчи давлатларидан 50га яқин парламент вакилларини илк бор юборганлиги таъкидлаб ўтилди.

Бўлажак муҳим сиёсий тадбир хусусида сўз борар экан, томонлар сўнгги уч йил давомида мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар муқаррарлиги жиддий синови ва тасдиғи бўлмиш сайловларга ҳар томонлама тайёргарлик олиб борилганини таъкидлаб ўтди. Янги Сайлов кодекси мазкур соҳада аввал амал қилган бешта қонуннинг қоидаларини ўзида мужассамлаштирган. Бунда халқаро кузатувчиларнинг сайлов жараёнини такомиллаштириш бўйича тавсиялари ҳам инобатга олинган.

Георгий Церетели таъкидлаганидек, бўлиб ўтадиган сайловлар Ўзбекистоннинг сиёсий тарихидаги энг муҳим воқеа ҳисобланиб, ЕХҲТ томонидан бунга катта қизиқиш билдирилмоқда. 

“Бу борада ЕХҲТнинг тавсиялари ҳисобга олингани ва қонунчиликда ўз аксини топгани бизни қувонтиради”, - деди Г.Церетели.

Эслатиб ўтамиз, ЕХҲТ Парламент Ассамблеяси 1993 йилдан бери сайловларни кузатиб боради. Бугунги кунга қадар у қарийб 30 та аъзо давлатларнинг, жумладан Буюк Британия, АҚШ, Германия ва Франция сайловларини кузатиб борган. 

2019 йилги парламент сайловини илк бор ЕХҲТ ДИИҲБнинг тўлақонли миссияси кузатиб бормоқда, у ўз ишини жорий йил 25 ноябридан бошлаган.

Шунингдек, бугун, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоевнинг Россия Федерацияси Федерал Кенгаши раисининг ўринбосари, МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси (ПА)нинг кузатувчилари узоқ муддатли миссияси раҳбари Ильяс Умаханов билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорликни, шу жумладан МДҲ ПА доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Россия ҳамда бошқа МДҲ давлатлари билан ўзаро ҳамкорлиги сифат жиҳатидан янги даражага чиқди. Ўзбекистон МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси доирасидаги ҳамкорлигини тиклади. Бу эса кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.

Томонлар кенг кўламли тайёргарлик кўрилаётган бўлажак парламент сайловининг аҳамиятига эътибор қаратдилар.

Ильяс Умаханов оммавий ахборот воситаларига берган интервьюсида парламент сайлови Ўзбекистоннинг демократик ривожланиш йўлида янги босқичга айланишини таъкидлаб ўтди: “Бу шундай унутилмас кунлар, парламентнинг янги таркибини сайлайдиган халқ учун юксак сиёсий аҳамиятга эга кунлардир. Биз эса Ўзбекистон халқини қўллаб-қувватлаш учун келдик”.

Мавзуга оид