BBC’нинг Шимолий Америка бўйича муҳаррири Сара Смит шу мавзуни таҳлил қилди.
Бу кампаниянинг ўзи ҳам тарихга киради: Трамп иккита суиқасдга уриниш ҳолатини бошдан кечирди, унинг рақиби, амалдаги президент Жо Байден овоз бериш кунига бир неча ой қолганида пойгани тарк этди.
Сайловчиларнинг овозларини ҳисоблаш ҳали ҳам давом этмоқда, аммо Американинг ҳал қилувчи штатлари Трампни танлагани ва бундай танловнинг асосий сабаблари сифатида иқтисодиёт ва миграция билан боғлиқ муаммоларни кўрсатишгани аллақачон маълум.
Трамп учун бу — қулашдан кейинги парвоз бўлди. У 2020 йилги президентлик сайловларида Байденга ютқазганини тан олишдан бош тортганди ва унинг овоз бериш натижаларини бекор қилишга уринишдаги роли ҳамон текширилмоқда.
Трампга қарши 2021 йил 6 январида Капитолийга қилинган ҳужумни рағбатлантириш бўйича ҳам айблов илгари сурилган. Ва у Америка тарихида жиноий ишда айбланган илк амалдаги президент бўлади.
Трамп нима учун одамларда турли туйғулар уйғотаётганини тушуниш қийин эмас.
Ўз кампанияси давомида у сиёсий рақибларини аямади: улар устидан қўпол ҳазиллар қилди ва ҳатто қасос олиш билан таҳдид қилди.

Трампнинг иқтисодиёт ҳақидаги сўзлари одамларга тушунарли эди
Гап Трамп ҳақида кетганида жуда кам одам бетараф қолиши мумкин. Кампания давомида мен гаплашган сайловчиларнинг кўпчилиги Трамп турли бемаъни гапларни тўхтатса яхши бўлиши, аммо бунга катта аҳамият бермасликка тайёр эканликларини айтишди.
Улар учун Трамп ўзининг барча митингларида берган қуйидаги савол муҳимроқ эди: «Сиз икки йил олдингидан яхшироқ яшаяпсизми?»

Доналд Трамп учун овоз берганларнинг жуда кўпчилиги менга қайта ва қайта иқтисодиёт унинг президентлиги даврида яхшироқ бўлгани ва ҳозир улар ўша даврни қайтариш учун курашаётганини айтишди. Инфляция ошиш сабаблари асосан ташқи омиллар, масалан, ковид пандемияси бўлса ҳам, сайловчилар бунда ҳозирги маъмуриятни айбдор деб билишди.


















