Иқтисодиёт | 17:50 / 20.12.2019
17244
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йил якуни бўйича кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичлар эълон қилинди 

Фото: Shutterstock

Молия вазирлиги 2019 йил охирига кутилаётган макроиқтисодий кўрсаткичларини эълон қилди. Тегишли маълумот вазирлик сайтида жойлаштирилган.

2019 йил якунлари бўйича дастлабки баҳоларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ялпи ички маҳсулоти 5,5 фоизга ўсиб (2018 йилда 5,1 фоиз), 524,0 трлн. сўмни (58,3 млрд. долларни) ташкил этиши кутилмоқда.

Иқтисодий ўсишга асосан ички омиллар, хусусан, ялпи ички талабнинг ортиши таъсир кўрсатмоқда.

2019 йилда ялпи ички талабнинг ортишини қуйидаги омиллар билан изоҳлаш мумкинлиги айтилади:

а) Иқтисодиётга капитал қўйилмалар ҳажми 28,6 фоизга ўсиши кутилмоқда, жумладан:

- марказлашган давлат инвестициялари 52,3 трлн. сўмни ташкил этиб (Давлат бюджети, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, Ҳукумат ва унинг кафолати остида жалб қилинган кредитлар) 2018 йилга нисбатан 23 фоизга ўсиши кутилмоқда;

- тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими сезиларли ўсиб, 2,0-2,5 млрд. АҚШ долларига этиши кутилмоқда;

б) Экспанцион фискал сиёсат олиб борилмоқда ва натижада консолидациялашган бюджет дефицити (давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари билан биргаликда) ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,3 фоизни (2018 йилда 0,5 фоиз профицит) ташкил этиши кутилмоқда;

в) Уй-хўжаликлари реал даромадларининг ўсиши кутилмоқда (2019 йилда 8 фоиз) ва бунга қуйидаги омиллар сабаб бўлмоқда:

давлат секторида иш ҳақининг сезиларли даражада ошиши;

жисмоний шахслар даромад солиғи ставкасининг 12 фоизга кескин пасайтирилиши;

иқтисодиётдаги умумий иш ҳақи даражасининг ўсиши.

г) Иқтисодиётга кредитлар ҳажмининг 44 фоизга ўсиши кутилмоқда (2018 йилда 50,2 фоизга ўсган).

Шу билан бирга, айрим йирик савдо ҳамкор-мамлакатларда иқтисодий ўсиш суръатларининг секинлашуви ҳамда баъзи экспорт хом-ашё товарлари жаҳон нархларининг пасайиши натижасида ташқи бозор динамикасининг нисбатан пастлигининг сақланиши кутилмоқда.

Ялпи ички таклиф тарафдан, иқтисодий ўсиш омиллари бўлиб қурилиш (йиллик ўсиш суръати 11,8 фоиз), саноат ишлаб чиқариши (6,4 фоиз), хизматлар (6,1 фоиз) ҳамда қишлоқ хўжалиги, ўрмончилик ва балиқчилик соҳалари (3,0 фоиз) бўлиши кутилмоқда.

2019 йилда инфляция даражаси 15,5 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда (2018 йилда 14,3 фоиз). Шунингдек, инфляцияни жиловлаш мақсадида 2020 йилдан бошлаб кредитлар ҳажмининг ЯИМнинг номинал ўсишидан кўп бўлмаган миқдорда ўсишини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Жорий ҳисоб операциялари манфий сальдоси 6,5-7,0 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда (2018 йилда 7,0 фоиз).

Ташқи савдо айланмаси ҳажми 41,5 млрд. долларни (ўсиш суръати 24,1 фоиз – 2018 йилда 33,4 млрд. долл.), жумладан, экспорт – 18,0 млрд. долларни (Қ28,7 фоиз), импорт – 23,5 млрд. долларни (Қ20,9 фоиз) ташкил этади.

Олтин-валюта захиралари 27,7 млрд. АҚШ долларига етиши кутилмоқда (2018 йил якунида 26,4 млрд. АҚШ долларни ташкил этган).

Давлат ташқи қарзи 15 млрд. АҚШ долларини ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,8 фоизни ташкил этиши кутилмоқда (2018 йилда 9,9 млрд. АҚШ долларини ёки ЯИМга нисбатан 19,6 фоизни ташкил этган).

Шунингдек, 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни доирасида Ҳукумат номидан ва унинг кафолати остида имзоланадиган ташқи қарз битимларини 4 млрд. АҚШ доллари қийматида чеклаш назарда тутилган.

Мавзуга оид