Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида «сайловлар орқали халқимиз бугунги ислоҳотларимизга баҳо берса, жаҳон ҳамжамияти янгиланаётган Ўзбекистонга баҳо беради» дея таъкидлаб ўтдилар.

Ҳақиқатан ҳам бугун юртимиз муҳим жараён – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайловлар арафасида турибди.

«Янги Ўзбекистон – янги сайловлар» шиори остида ўтаётган мазкур жараён мамлакатимиз сиёсий ҳаётидаги жуда муҳим воқеалардан бири ҳисобланади.

Бизнингча, бу йилги сайловларнинг аҳамияти икки жабҳада яққол намоён бўлади.

Биринчидан, мазкур сайловлар мамлакатимизда улкан янгиланишлар бошлангандан буён вакиллик органларига ташкил этилаётган биринчи сайлов ҳисобланади.

Иккинчидан, сайловлар фуқароларимизнинг Конституция ва қонунларда белгиланган ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришга ҳамда сиёсий жараёнларда халқнинг фаол иштирок этишини таъминлашга янгича ёндашув ва қарашларнинг шаклланиши жараёнида бўлиб ўтмоқда.

Маълумки, сўнгги уч йил ичида мамлакатимизда фуқароларнинг Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини рўёбга чиқариш, уларни ҳимоя қилишга қаратилган туб ислоҳотлар амалга оширилди.

Шундан келиб чиққан ҳолда Конституциямизда фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари, шунингдек уларнинг кафолатларини амалда рўёбга чиқаришга ижобий ёндашув шаклланди.

Айниқса, Конституциямизда белгиланган сўз, фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлигини чинакам таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ўтган уч йиллик даврда жамиятимиз ҳаётида улкан бурилиш ясаганлиги бугун амалиётда ўзининг бевосита аксини топмоқда. Ҳар бир шахс ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқидан фаол фойдаланмоқда.

Жорий йилда бўлиб ўтаётган сайловларда бу яққол кўзга ташланмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳати ушбу сайловлар жаҳон тажрибаси ва кўп йиллик миллий сайлов амалиётимизнинг энг илғор натижаларига таяниб ишлаб чиқилган яхлит ҳужжат – Сайлов кодекси асосида бўлиб ўтади.

Кодексдан ўттиздан ортиқ илгари амалда бўлмаган янги норма ва қоидалар жой олган бўлиб, улар сайловларни умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ва шаффоф ўтказишга хизмат қилади.