Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат активларини бошқариш агентлиги: «Корхонани сақлаб қолиш, уни соғлом иқтисодиётга қайтариш – асосий мақсад»
Жорий йилнинг 20 декабрь куни Давлат активларини бошқариш агентлигида Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонуннинг мазмун-моҳиятини тушунтиришга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги, Олий суд, Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси вакиллари, суд бошқарувчилари ва журналистлар иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун Сенат томонидан 2019 йилнинг 30 ноябрь куни маъқулланган. Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан 13 декабрь куни имзоланган.
Анжуманда берилган маълумотларга кўра, қонунда кредиторлар ҳуқуқларини янада кучайтириш бўйича қатор ўзгаришлар ўз аксини топган .


Жумладан, “Тўлов қобилиятини тиклаш таомили” тушунчаси киритилди. Бу таомил суд санацияси ва ташқи бошқарув таомилларини ўз ичига олади. Бундан асосий мақсад тўлов қобилиятини йўқотган ташкилотни соғломлаштириш ҳисобланади;
банкротлик ишини қўзғатишда қарздорлик миқдори юридик шахсга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 дан 300 бараварга (66,9 млн.сўм) ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 30 дан 20 бараварга (4,4 млн. сўм) камайтирилди;
банкротлик тўғрисидаги ишни қўзғатиш учун иқтисодий судга бериладиган аризада қарздор ва кредиторларга тўлов қобилиятини тиклаш ёки тугатиш тартиботлари қўллашни кўрсатган ҳолда мурожаат этиш ҳуқуқи берилди;


Кредиторлар овоз беришда 5 та гуруҳларга бўлинди:
биринчи гуруҳ – гаров билан таъминланган мажбуриятлар бўйича кредиторлар;
иккинчи гуруҳ – гаров билан таъминланмаган мажбуриятлар бўйича кредиторлар;
учинчи гуруҳ – мажбурий тўловлар бўйича кредиторлар;
тўртинчи гуруҳ – иш ҳақи ва унга тенглаштирилган мажбуриятлар;
бешинчи гуруҳ – ҳисобланган дивидендлар бўйича қарздорнинг акциялари эгалари.
Ҳар бир кредитор гуруҳининг овозлари алоҳида инобатга олиш амалиёти жорий этилди.
Анжуманда суд бошқарувчиларининг аввал энг муаммоли ҳолатларидан бири бўлган, эндиликда қонунда ўзгартиш киритилган яна бир норма бўйича Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқармаси бошлиғи Жамшид Тоҳиров масала юзасидан изоҳ берди.


“Банкрот корхоналарнинг кўпида жиноят иши қўзғатилган ҳолатлар бўлади. Суд бошқарувчиларининг энг муаммоли ҳолатлари шу билан боғлиқ. Яъни, қарздор [корхона]нинг раҳбари ёки таъсисчисига нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлади. Тугатиш билан боғлиқ жараён чўзилиб бораверади. Уни тўхтатиш, у ёки бу ишни кўришнинг имконияти йўқ эди. Иқтисодий-процессуал кодексда тўхтатиб туриш амалиёти бор эди, [лекин] қонунимизда аниқ кўрсатилмаган эди. Энди бу аниқ белгилаб бериляпти. Агар жиноят иши очилган, давом этаётган бўлса, банкротлик иши тўхтатиб турилади. Судга ариза киритилади, банкротлик иши жиноят иши бир ёқлик бўлгунича тўхтатиб турилади. Ҳукм ўқилиб, қарор қабул қилингунича банкротлик иши вақтинча тўхтатиб турилади”, дея келтирмоқда Жамшид Тоҳировнинг сўзларини Kun.uz мухбири.
Тадбирда суд бошқарувчилари ва кредиторлар ўртасидаги муносабатга оид норманинг муҳим жиҳатлари айтиб ўтилди. Мазкур норма аввал ҳам мавжуд эди. Эндиликда ҳар бир таомил доирасида киритиляпти.
“Суд бошқарувчилар кредиторнинг талабига кўра ўз фаолияти, қарздорнинг молиявий-хўжалик фаолияти, умуман банкрот корхонада олиб борилаётган ишлар, унинг мол-мулки, дебитори, кредитори ва бошқа маълумотларни кредиторнинг талабига кўра 10 кун муддат ичида тақдим этиш талаби киритиляпти.
Бу нима беради?
Кўп ҳолатларда бизга мурожаат қилинади: суд бошқарувчидан у ёки бу маълумотни олиб бўлмаяпти деб. Энди қонун билан бу норма аниқ белгилаб қўйилди. [Маълумот] сўралганида 10 кун муддат ичида маълумот тақдим этилмаса, суд бошқарувчиси жавобгар бўлади”, деди Жамшид Тоҳиров.
Қонунда шунингдек банкротлик таомиллари муддатларини қисқартириш бўйича ҳам ўзгартиришлар киритилган.
Унга кўра, кузатув таомили (қарздорнинг молиявий аҳволи таҳлилини ўтказиш жараёни) 4 ойдан 3 ойга;
суд санацияси таомили (қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини санация қилувчи бошқарувчига ўтказмаган ҳолда тўлов қобилиятини тиклаш таомили) 30 ойдан 24 ойга;
тугатишга доир иш юритиш (кредиторлар талабларини мутаносиб равишда қаноатлантириш, қарздорнинг мажбуриятлардан озод этилганлигини ҳамда тугатилганлигини эълон қилиш мақсадида қўлланиладиган таомил) 12 ойдан 9 ойга қисқартирилмоқда.


Ушбу муддат кўпи билан 3 ой муддатга узайтирилиши мумкин. Узайтириш учун асос бўлган ҳолатлар белгиланди, хусусан:
- иқтисодий суд ишини юритишда қарздор юридик шахснинг ёки унинг кредиторларининг мулкий манфаатига дахл қилувчи ишнинг мавжудлиги;
- қарздор юридик шахнинг реализация қилинмаган мол-мулки мавжудлиги;
- суд ажрими билан кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш зарурияти туғилганда ва бошқалар.
Келишув битими таомили банкротлик таомиллари қаторидан чиқарилди.
Давлат активларини бошқариш агентлиги бошқармаси бошлиғи Жамшид Тоҳиров мазкур қонун нормаларини амалга оширишда суд бошқарувчиларидан талаб этиладиган жиҳатларни айтиб ўтди:
“Қаттиқ талаб бўлади: бугунги кунда олиб борилаётган ислоҳотларнинг замирида нима ётибди? Суд бошқарувчилари, биз эскича ишлашдан воз кечишимиз керак. Банкрот корхонани “чўзиб юришимиз” керак эмас. Биз фақат иш ҳақи, унинг [корхонанинг] мол-мулкини сотишни ўйлашимиз керак эмас. Биринчи мақсад – корхонани сақлаб қолиш, уни соғлом иқтисодиётга қайтариш. Шу нуқтайи-назардан ёндашишимиз керак. Эскича тартиб – корхонани йўқ қиламиз, тугатамиз деган тартибдан воз кечишимиз керак. Корхонанинг молиявий соғломлаштирилишига қараб, биз суд бошқарувчилари фаолиятига баҳо берамиз”, деди Жамшид Тоҳиров.
Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Нодир Эркаев матбуот анжуманидаги нутқи давомида бугунги кунда корхонани банкротликка бериш солиқдан қочиш тизими сифатида кўрилаётганини айтди.
“Банкрот бўлган корхонанинг орқасида бир неча субъектлар, шахсларнинг манфаатлари ётади. Оддийгина бир солиқни олиб қарайдиган бўлсак, бугунги кунда охирги беш йил давомида банкрот бўлган корхоналарни таҳлил қилиб кўрдик. Тўқсон етти фоиз банкрот бўлган корхоналар тугатилиб, давлат реестридан чиқарилиб, уларнинг жуда катта миқдорда бюджет, бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалар олдидаги қарздорлиги кечиб юборилган.


Бу нимадан далолат беради?
Бу бугунги кунда биз корхоналарни, тадбиркорлик субъектларини солиқдан қочиш йўлини кўрсатиб қўйдик. Айрим ҳолларда шундай бўляптики, суд бошқарувчилари билан корхона қарздор ўртасида келишув бўлиб, корхонанинг миллиард-миллиард қарздорликларини тугатиб бериш келишувлари ва буни тугатиш ҳолатларини кузатдик,”, деди Нодир Эркабоев.
Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида Япония, АҚШ мамлакатларининг банкротлик соҳасидаги тажрибаси ўрганилган. Натижада шуниси маълум бўлганки, барча давлатларда корхона фаолиятини тиклаш ягона мақсад сифатида белгиланган.
Мазкур қонунда келтирилган нормаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши орқали халқаро рейтингда тўловга қобилиятсизликни ҳал этиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланиши, кредитор ва қарздорнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг янада кучайтирилиши, иқтисодий ночор корхоналарнинг банкротлик орқали соғломлаштирилиши, Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлиги ошиши каби ижобий натижаларга эришилади.
Ҳамкорлик асосида.
Мавзуга оид
20:00 / 04.07.2024
2023 йилда “Ўзбекнефтгаз”нинг соф фойдаси 4,5 баробардан кўпроққа қисқарди
20:38 / 04.06.2024
Кафолатланмаган корпоратив қарзларни қайтариш Ўзбекистон ҳукуматининг зиммасига тушиб қолиши хавфи бор — S&P
18:14 / 30.04.2024
Анор етиштиришдан бўёқ ишлаб чиқаришгача – давлат ташкилотларининг носоҳавий активлари
18:39 / 17.01.2022