Light | 16:46 / 21.12.2019
74410
7 дақиқада ўқилади

Қандли диабет касаллиги ҳақида халқ орасида кенг тарқалган нотўғри тушунчалар

Аҳоли орасида сўнгги йилларда кескин кўпайиб бораётган ноинфекцион (юқумли бўлмаган) касалликлардан бири қандли диабет касаллигидир. Бу касаллик ҳақида одамлар онгида кўплаб нотўғри тушунчалар мавжуд. Мақолада уларнинг айримларига тўхталиб ўтилган.

Фото: Shutterstock

«Қандли диабет қўрқувдан келиб чиқади», «Қандли диабет бойларнинг касаллиги»...

Қандли диабет касаллигининг иккита тури мавжуд. 1-тур қандли диабет аутоиммун касаллик. Қолаверса, унинг келиб чиқишида панкреатотроп (ошқозон ости безида яшашга мойил) вирусли инфекциялар (гепатит, паротит, қизилча, қизамиқ ва бошқалар) нинг ҳам муҳим ўрни бор. 2-тур қандли диабетнинг келиб чиқишида асосан камҳаракатлик, енгил ҳазм бўлувчи улеводларга бой маҳсулотларни, ҳайвон ёғи маҳсулотларини сурункали тарзда, кўп ва ортиқча миқдорда истеъмол қилиб юриш ва бунинг ортидан организмда (асосан қоринда) йиғиладиган ортиқча миқдордаги ёғ тўқимасининг шаклланиши муҳим аҳамиятга эга.

Бундан ташқари сурункали давом этувчи стресс ҳолатлари, узоқ давом этувчи уйқусизлик, баъзи касалликлар, жумладан, гипертония касаллиги, панкреатит, семизлик, тиреотоксикоз, Иценко-Кушинг синдроми, акромегалия ва бошқа касалликлар ҳамда айрим дори препаратлари (никотин кислота, глюкокортикоидлар, тиреоид гормонлар) қандли диабет касаллиги пайдо бўлишида муҳим рол ўйнайди.

Қўққисдан юзага келган стресс ҳолатлари (бирдан қўрқиб ёки хурсанд бўлиб кетиш) эса аслида қандли диабетга мойил бўлган, углеводлар алмашинуви у ёки бу даражада бузилган одамларда қандли диабет касаллиги белгилари пайдо бўлишига олиб келади.

Углеводлар алмашинувининг нормал кечиши учун жисмоний меҳнатнинг аҳамияти жуда юқори. Одатдагидек ёки ортиқча даражадаги истеъмол баробарида камҳаракатликка йўл қўйилганда организмда энергия баланси бузилади. Организм қабул қилаётган энергия сарф қилаётган энергиядан сезиларли даражада, ҳаттоки бир неча марта кўпроқни ташкил қилади ва энергиянинг сарф бўлмаётган қисми организмда гликоген ва ёғлар кўринишида тўпланиб боради.

Бу жараён кучайиб боргани сари организмда инсулинга сезувчанлик камайиб боради ва бу ҳолат углеводлар алмашинуви бузилишига олиб келади. Яъни, 2-тур қандли диабетнинг пайдо бўлиши ижтимоий ҳолатга эмас, балки камҳаракатликка, нотўғри ва тартибсиз таомланишга боғлиқ.

 Қондаги қанд таҳлили илк марта баланд чиққанда қайта таҳлил учун парҳез қилиб қон топшириш керак…

Парҳез буюрилганда қондаги қанд миқдори олдинги ҳолатига нисбатан сезиларли даражада камаяди ва бу билан углеводлар алмашинувининг хақиқий ҳолатига баҳо бериб бўлмайди. Қандли диабет касаллигига шубҳа қилинаётган бемор аниқ ташхис қўйилгунча одатдагидек овқатланиши шарт.

 Қандли диабет билан оғрийдиган бемор 6 ойда стационар шароитда даволаниб туриши керак…

Қандли диабет касаллигининг давоси асосан 4та таркибий қисмдан иборат: парҳез, қанд пасайтирувчи восита, жисмоний фаолликни ошириш, қандли диабет касаллиги ҳақида ўрганиш.

Бемор бу режимга ҳар куни қатъий риоя қилиши керак. Қондаги қанд миқдори сутка давомида доимо тўлиқ меъёрида юрсагина қандли диабетнинг асоратларини олдини олиш ёки кечиктириш мумкин. Акс ҳолда, 6 ой тугул ҳар ойда 10 кун стационарда даволаниб юрган тақдирда ҳам диабетнинг асоратларини олдини олиш имконсиз. Ҳар 6 ойда 10 кун стационар шароитда даволаниш кераклиги ҳақида бирон бир эндокринология ёки диабетологияга оид адабиётларда кўрсатилган эмас. Қандли диабет касаллигининг асоратларини олдини олиш юқорида кўрсатилганидек касалликни даволашнинг доимий режимига қатъий риоя қилиш ҳамда даволаш стандартларида кўрсатилгани каби ўз вақтида тиббий кўрикдан ўтиш, умумий қон, умумий пешоб ва биохимик таҳлилларни ўз вақтида ўтказиш ҳамда уларнинг натижасидан келиб чиққан ҳолда чоралар кўрилиши билан олиб борилади.

 Гречкани қатиққа аралаштириб ейиш қанд касаллиги учун яхши даво бўлади…

Гречка бор йўғи оддий озуқа маҳсулоти, холос. Қатиқ ҳам. Шунчаки, уларнинг таркибида углеводлар миқдори камроқ ва шунинг учун улар қондаги қанд миқдорини унчалик оширмайди.

 Кўк олма қондаги қанд миқдорини оширмайди…

Олманинг таъми унинг таркибидаги органик кислоталар миқдорига боғлиқ. Қанд миқдори эса унинг рангига эмас, ҳажми ва етилиш даражасига боғлиқдир.

 Тоза асални еса бўлади, чунки унинг ярми фруктозадан иборат, шунинг учун у қанд ўрнини босувчи ҳисобланади ва қондаги қанд миқдорини оширмайди…

Асал тахминан тенг нисбатдаги фруктоза ва глюкозадан иборат. Истеъмолдаги шакар (сахароза) ҳам фруктоза ва глюкоза қолдиқларидан ташкил топган. Асалнинг қондаги қанд миқдорини ошириш хусусияти худди шакарники кабидир.

 Инсулин касалликнинг охирги босқичида буюрилади…

1-тур қандли диабетда организм қисқа вақт ичида инсулин ишлаб чиқариш салоҳиятини йўқотади. Яъни, инсулин ишлаб чиқарувчи ҳужайралар қисқа муддат ичида нобуд бўлади. Бунда организмга ташқаридан инсулин киритиб туришдан бошқа чоранинг ўзи йўқ.

2-тур қандли диабетда дастлаб касаллик аниқланган пайтдан бошлаб (оғир ҳамроҳ касалликлар бўлмаса) қанд миқдорини туширувчи таблеткалар буюрилади.

Бундай беморларга оғир ҳамроҳ касалликлар (юрак ишемик касаллиги, бош мияда қон айланишининг ўткир бузилиши, сил, оғир жароҳатлар, пневмония ва бошқа ўткир ҳолатлар) қўшилса, қанд туширувчи таблеткаларнинг суткалик максимал миқдори буюрилганда ҳам қондаги қанд миқдори меъёрига келмаса ёки жарроҳлик муолажалари вақтида ҳамда ундан олдин ва кейин (маълум муддат давомида) инсулин препарати буюрилади. Қанд пасайтирувчи восита беморнинг ҳолатидан келиб чиққан ҳолда танланади, бемор ва унинг яқинлари ёки шифокорнинг ҳоҳиш-истакларидан келиб чиқиб эмас.

 Ширинликларни овқатланиш рационидан тўлиқ чиқариб юбориш мумкин эмас, чунки глюкоза мия озиқланиши учун зарур…

Мия ҳужайралари ҳақиқатан ҳам глюкоза билан озиқланади, лекин қандли диабет касаллиги билан оғрийдиган беморнинг қонида қанд ўзи шундоқ ҳам баланд бўлса, унга қўшимча глюкоза беришдан маъно йўқ.

Хулоса қилиб айтганда, қандли диабет касаллиги ҳақида билишни истаган одам малакали мутахассисдан маълумот олиши зарур. Қолаверса, юқоридаги каби бирон бир асосга эга бўлмаган маълумотларни тарқатиш қандли диабет касаллиги билан оғрийдиган беморларга фақат ва фақат зарар келтиради холос.

Муроджон ЖЎРАЕВ,
Фарғона вилояти, Қувасой шаҳар кўп тармоқли марказий
оликлиника врач-эндокринологи, олий тоифали шифокор.

Мавзуга оид