Ўзбекистон | 23:28 / 21.12.2019
83237
7 дақиқада ўқилади

«Президент люкси ва меҳмонхона нархлари» — «Hilton Tashkent City» бош менежери билан суҳбат

 Hilton & Resorts бренди остида фаолият юритувчи Тошкентдаги илк меҳмонхона – «Hilton Tashkent City» 14 декабрь куни очилди.

 Tashkent City комплекси худудида қад кўтарган беш юлдузли меҳмонхона очилиш маросимида кенг жамоатчилик вакиллари билан бир қаторда чет эллик меҳмонлар ҳам иштирок этди.

 Маросимда қатнашган Kun.uz мухбири меҳмонхона бош менежери Марко Фиен билан кичик суҳбат ташкил қилди.

Марко Фиен

 «Hilton Tashkent City» – Тошкентнинг ўзига хос қулай нуқтасида жойлашган биринчи меҳмонхона»

Тошкентда турли бренд меҳмонхоналар тармоғининг бир қанча филиаллари бор. Хўш, Hilton шаҳарадги бошқа меҳмонхоналардан қайси жиҳатлари билан фарқ қилади? Меҳмонхона бош менежери Марко Фиендан дастлаб шу ҳақда сўрадик.

— Аввало, сизни Hilton’да кўриб турганимдан хурсандман. Hilton – Tashkent City комплекси ҳудудидаги янги меҳмонхона бўлиб, Тошкентнинг ўзига хос қулай нуқтасида жойлашган.

 Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур бино баландлиги 92 метрни ташкил қилади. Унинг энг баланд, 21-қаватидан атрофга назар ташлаганингизда пойтахтнинг ажойиб кўринишига гувоҳ бўласиз.

 Меҳмонхона Тошкент шаҳрининг энг диққатга сазовор жойлари, боғлар кўриниб турадиган баланд иншоот сифатида қад ростлаган.

 Hilton’нинг алоҳида хусусиятларидан бири – унинг кенглигидир. Бизда баландлиги 6 метр бўлган 730 квадрат метрлик кенг зал мавжуд. Бу келажакда ташкил этиладиган конференциялар учун қулай имконият яратади.

 Об-ҳаво яхши бўлган вақтларда эса ташқарида бемалол жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш имконияти мавжуд. Меҳмонхонамизнинг энг юқори қисми, яъни 21-қаватда махсус ресторан бор. Унда Осиё мамлакатларининг машҳур таомлари тайёрланади.

 Hilton’да маҳаллий ва хорижий сайёҳлар бизнинг хизматларимиздан фойдаланган ҳолда лаззатли таомларимизни татиб кўришлари ҳамда пазандалик маҳоратимиздан баҳраманд бўлишлари мумкин.

 Бундан ташқари, бизда меҳмонларнинг спорт билан шуғулланишлари учун йирик ёпиқ сузиш ҳавзаси ҳамда ажойиб фитнесс-клуб мавжуд. Бу ёпиқ мажмуада меҳмонларга ўзгача спорт завқини бағишлай оламиз, деб ўйлайман. Шунингдек, меҳмонлар сауна, шаҳар марказида жойлашган даволаш марказларимиз ҳамда спа салонларимиздан ҳам фойдаланишлари мумкин.

 

Шуни тўлиқ ишонч билан айта оламанки, меҳмонхонамизда меҳмонлар учун барча шароитлар яратилган.

 Меҳмонхонанинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири шундаки, у саккиз нафаргача турли миллатлардан келган юқори тоифали, айтайлик, араб, инглиз ёки франсуз миллатига мансуб меҳмонларни қабул қила олади. Кўп меҳмонхоналар одатда бир вақтнинг ўзида фақат бир нафар олий мартабали меҳмонни қабул қилади.

«Нархлар кўрсатиладиган хизматлар сифатига боғлиқ»

«Hilton & Resorts» брендининг Тошкентдаги меҳмонхонасида нархлар бошқа давлатлардаги меҳмонхоналаридан кўра қимматроқ эканини таъкидлашади. Масалан, Амстердам ва Прагадагига нисбатан қиммат. Хўш, бунинг сабаби нимада? Меҳмонхона бош менежеридан шу ҳақдаги фикри билан қизиқдик.

– Тошкент тез ривожланиб бораётган шаҳар ҳисобланади. Бироқ ҳозирда бу ерда кўрсатиладиган хизматлар борасида «Hilton Tashkent City» билан тенглашадиган ва унинг сегментларига жавоб берадиган меҳмонхоналар деярли йўқ.

 Фақат айрим меҳмонхоналар жаҳон талабларига жавоб беради.

 Биласизми, кўрсатиладиган хизматлар сифати қандай бўлса, нархлар ҳам шунга мувофиқ бўлади, сабаби шу.

 Асосий мақсадимиз – Ўзбекистонга келадиган меҳмонлар учун барча шароитга эга ва биздан миннатдор бўладиган хизмат кўрсатиш тизимини, яъни брендни яратишдан иборат. Биз шу мақсад йўлида астойдил ҳаракат қиламиз.

«Hilton Тошкентга ўзи билан меҳмондўстлигини ҳам олиб келмоқда»

Меҳмонхона тўла куч билан ишга тушмоқдами ёки қурилиш ишлари ҳали давом этадими? Марко Фиен бу саволга ҳам жавоб берди.

– Тўла куч билан ишга тушмоқда. Меҳмонхона янги йил оқшомида ҳам меҳмонларни кутиб олишни тўхтатмайди.

 Шуни айтиб ўтиш жоизки, Hilton фақатгина бизнес маркази сифатида Тошкентга келмади, у ўзи билан меҳмондўстлигини ҳам олиб келди.

«Hilton Tashkent City» ҳақида

Янги меҳмонхонада жами 258 та турли тоифалардаги, яъни стандарт ва 1-тоифа хоналар, бурчак люкслари ва 8та президент люкси мавжуд. Улар француз, инглиз, араб ва классик услубларда жиҳозланган. 1-тоифа ва люкс хоналарда яшашнинг афзалликлари – катта меҳмонлар залига кириш имконияти бўлиб, ундаги хизматлар «швед столи» усулидаги нонушта, кун давомида ичимлик ва газакларни ўз ичига олади.

Президент люкс хонаси 250 квадрат метрдан каттароқ майдонга эга ва у ўз ичига меҳмонлар учун хона, тушлик учун хона ва ошхонани олади.

«Hilton Tashkent City»да тадбирлар ўтказиш учун мўлжалланган жойларнинг умумий майдони 2 453 квадрат метрни ташкил қилиб, 5та кўп функцияли анжуманлар залини ҳамда ёзги айвонга чиқадиган кенг банкетлар залини ўз ичига олади.

Барча анжуман заллари биринчи ва иккинчи қаватларда жойлашган бўлиб, анжуман ва бошқа тадбирлар давомида меҳмонларнинг ҳаракатланишини осонлаштиради.

Айтганча, барчани қизиқтирадиган нархлар ҳақида. Маълум бўлишича, меҳмонхонада бир кун туриш ва белгиланган хизматлардан фойдаланиш нархи 194 доллардан 2400 долларгачани (стандартдан то люкс хоналаргача) ташкил қилади.

«Hilton Tashkent City» тадбирлар учун мўлжалланган барча залларнинг табиий ёритишга эгалиги билан Тошкентда ягонадир. Бундан ташқари, меҳмонхона 4 минг кишилик сиғимга эга конгресс-марказининг ёнида жойлашган.

«Hilton Tashkent City», шунингдек, турли мамлакат таомларини таклиф қилувчи бир нечта ресторан хизматларини ҳам ўз ичига олган: 21-қаватда жойлашган Izakaya Reustarant & Longue пан-Осиё ресторанида жануби-шарқий Осиё таомлари таклиф қилинади. Шош ресторани эса миллий ва Европа таомларига ихтисослашган.

 Hilton & Resorts меҳмонхоналар тармоғи ҳақида қисқача

«Hilton» – дунё ёрлиғига айланган энг машҳур тармоқлардан бири. «Hilton меҳмонхонаси» ибораси узоқ вақтдан бери фаровонлик, ҳашамат ва бой ҳаёт билан синоним бўлиб келган.

«Hilton» тармоғи ўз мижозлари учун «Hilton Honnors» содиқлик дастурини ишлаб чиққан. Унга кўра, мижозлар турар жой учун балларни тўплаши мумкин.

Hilton Hotels & Resorts номли замонавий ва прогрессив меҳмонхоналар меҳмоннавозлик борасида шубҳасиз етакчи ҳисобланади. Бир асрлик тажрибага эга Hilton меҳмонхонанинг энг яхши анъаналарини давом эттириб, меҳмонларга хизмат кўрсатишни инновацион ёндашув билан бойитиб бормоқда. Олти қитъада 585та меҳмонхонага эга Hilton Hotels & Resorts дунёнинг энг машҳур жойларида ўз меҳмонхоналарини жойлаштирган.

Мавзуга оид