Ўзбекистон | 16:32 / 22.12.2019
13821
4 дақиқада ўқилади

Сайловга оид 65та мурожаатнинг 24таси Сурхондарёдан – Бош прокурор

22 декабрь куни соат 13:00га қадар бўлган вақтда сайловлар масаласида прокуратура органларига 65та мурожаат тушган бўлса, шундан 24таси Сурхондарё вилояти билан боғлиқ. Бу ҳақда Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маълум қилди.

«Ҳудудлар кесимида Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоятларига 1тадан; Андижон, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасига 2тадан, Бухоро вилоятига 3та, Сирдарё ва Қашқадарё вилоятларига 4тадан, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига 6тадан, Фарғона вилоятига 7та, Сурхондарё вилоятига 24та мурожаат тўғри келади.

Мурожаатларнинг 30таси бевосита фуқаролардан, шу жумладан, 9таси сайловда иштирок этаётган номзодлардан ҳамда 35таси давлат органлари ва муассасалар, хусусан, Марказий сайлов комиссиясидан келиб тушди.

Мурожаатларнинг 12таси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, 53таси халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилаётган сайловларга тааллуқли», – деган Йўлдошевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг маълум қилишича, 65та мурожаатдан 37таси муайян шахсларнинг номзод сифатида кўрсатилмагани, бунинг оқибатида улар сайловда иштирок эта олмаганлиги билан боғлиқ.

«Қонунга кўра, депутатликка номзодни илгари суриш сиёсий партияларнинг мутлақ ваколати ҳисобланади, прокуратура органларининг сиёсий жараёнга бевосита аралашиши мумкин эмас. Бундай ҳолатда, қонун талабига кўра, фуқаро сиёсий партия марказий кенгашига мурожаат қилиши ёки унинг қарори устидан судга шикоят бериши мумкин.

Шу муносабат билан, шу мазмундаги шикоят билан мурожаат қилган фуқароларимизга қонун талаблари тушунтирилди», – дейди Ниғматилла Йўлдошев.

Маълум қилинишича, сайлов кампаниясининг илк кунлариданоқ прокуратура органлари томонидан фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига қатъий риоя этилишига ҳамда бу жараёнда қонунийликни таъминлаш, сайлов жараёнида аниқланган қонунбузилишларига ўз вақтида қонуний чора кўрилиши учун Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова бошчилигида сайлов қонунчилигини яхши биладиган салоҳиятли ходимлар иштирокида Бош прокуратурада штаб ташкил этилган.

Худди шундай штаблар ҳудудий прокуратураларда ҳам вилоят прокурорлари бошчилигида фаолият кўрсатмоқда.

«Штабларга фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва қонун доирасида ҳал этиш, сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш давомида қонунларга аниқ ва бир хилда риоя этилишини таъминлаш, сайловларда сиёсий партиялар номзодлари ва сайловчиларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш вазифалари юклатилди.

Штабларимиз халқаро ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатди. Жумладан, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг халқаро кузатувчилари билан бевосита Бош прокуратурада учрашувлар ўтказилиб, маълумот алмашинуви йўлга қўйилди.

МСКнинг Халқаро матбуот марказида ўтказилган анжуманларда Бош прокуратура вакиллари мунтазам равишда қатнашиб, журналистлар билан очиқ мулоқот олиб борди. Ишларни бу тартибда ташкил этганимиз сайлов жараёнида қонун бузилиши ҳолатларини ўз вақтида аниқлаш ва тезкор муносабат билдиришга имкон яратди», – деди Ниғматилла Йўлдошев.

Мавзуга оид