Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Энди даволаш муассасаларида асосий штатда ишлайдиган ҳар бир ходим тўлиқ ставкага ишга олинади
Ўзбекистонда даволаш муассасаларида асосий штатда ишлайдиган ҳар бир ходим тўлиқ ставкага ишга олинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев телеграм каналида хабар қилди.
«Бугунги кунда тиббиётда тез-тез мунозарага сабаб бўлаётган ҳолатлардан бири тўлиқсиз штатда, яъни, ярим ёки 0,25 ставкада ишлаётган ходимлар муаммоларидир. Бу ҳолат, айниқса, ўрта тиббиёт ходимлари ўртасида анча оммалашган. Табиийки, тиббиёт ходимлари, жумладан ҳамшираларнинг бундай иш фаолияти уларнинг моддий таъминотига таъсир этмай қолмаяпти.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2019 йил 21 январда қабул қилинган 18-буйруғи ана шу долзарб муаммолар ечимига қаратилди. Унга мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида асосий штатда ишлайдиган ҳар бир ходим тўлиқ ставкага ишга олиниши белгилаб қўйилди», дейилади хабарда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ўртасида 2019-2021 йилларга мўлжалланган тармоқ келишувида ҳам ушбу янги тартиб-тамойиллар ўз аксини топди. Ушбу тармоқ келишувига мувофиқ, эндиликда тиббиёт муассасаларида бўш иш ўринлари юзага келса, унга биринчи навбатда тўлиқсиз ставкада ишлаётган ходимлар қабул қилинади. Шу билан бир қаторда, меҳнат бозорига янги кириб келаётган битирувчилар ҳам эндиликда тўлиқ штатга ишга олиниши белгиланган.
«Юқоридаги буйруқ айни ўз вақтида қабул қилинди. Чунки, тўлиқсиз штатда ишлаб жуда кам миқдорда ойлик маош олаётган ходимлар, айниқса, ҳамшираларнинг моддий таъминотида жиддий муаммо бўлаётгани бор ҳақиқат эди. Қолаверса, улар пенсияга чиққанда ҳам кам нафақа оларди. Ҳозирги кунда вазирлик даволаш-профилактика муассасалари билан ҳамкорликда мазкур муаммоларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, вазирлик ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармалари ҳамкорликда бу вазифалар ижроси бўйича мониторинг ва назорат ишлари юритилмоқда», дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги юридик бўлим бошлиғи Руслан Муҳаммадиев.
«Шу ўринда тиббиёт ходимларига мурожаат қилиб, шуни айтмоқчимизки, бугунги кунда соҳа мутахассислари тиббиёт соҳасида чуқур билим ва малакага эга бўлиши баробарида ўзининг ва ўзгаларнинг қонун билан ҳимояланадиган ҳақ-ҳуқуқларини мукаммал билиши ва унга амал қилиши шарт. Агар бу борада ҳуқуқий маслаҳат ва кўмакка муҳтож бўлсангиз ёки меҳнат қонунчилиги бўйича ҳуқуқингиз бузилса, вазирлик ва ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармаларининг «Ишонч телефони» хизматидан фойдаланишингизни тавсия қиламиз», дейилган хабарда.
Мавзуга оид
21:46 / 12.12.2025
«Электрон рецепт». ССВ жамоатчиликни қизиқтираётган муҳим саволларга жавоб қайтарди
17:57 / 13.11.2025
Ўзбекистонда аҳолининг ягона электрон тиббий картаси яратилди
18:53 / 30.07.2024
Мактаб ўқувчилари ва боғча тарбияланувчиларининг тўртдан бир қисмида турли касалликлар аниқланди
11:28 / 22.07.2024