Бугун, 24 декабрь куни «Тараққиёт стратегияси» марказида «Халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда инновацион ғояларни ва стартап лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш» мавзусида ўтказилган брифингда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов сўз олди. У ўз нутқида инновацияларни тижоратлаштириш бўйича қилинаётган ишлар, стартапларнинг аҳамияти ҳақида айтиб ўтди.
«Илм-фанни тижоратлаштиришда қачонки тадқиқот натижалари маблағга айланса, шунда инновация бўлади. Бунинг учун эса экотизим шаклланиши керак бўлади. Ҳеч қачон мажбурлаб инновацияларни тижоратлаштириб бўлмайди», — дея таъкидлади Иброҳим Абдураҳмонов.
Шундан сўнг у илмий ишланмаларни тижоратлаштиришда вазирлик ўз олдига қўйган вазифалар ва мақсадлар ҳақида тўхталди.
«Инновацияларни тижоратлаштириш учун биринчи ўринда рағбат керак. Агар ундан манфаатдорлик бўлмаса, бу инновациялар диссертация ёки мақолалар ҳолида қолиб кетади. Яъни ишланманинг эгаси ундан манфаатдор бўлиши керак.
Иккинчидан, бизнинг асосий йўналишимиз ва мақсадимиз инновацион тадбиркорликни ривожлантириш. Ўрта бўғин сифатида инновацион тадбиркорлар пайдо бўлиши зарур. Стартапчи тадбиркорлар илмий ҳажмдор ишланмаларнинг иқтисодий ҳисобларини қилиб, кичик ишлаб чиқаришларни ташкил қилгандан кейин буни йирик корхоналарга сотиб юборишимиз мумкин бўлади. Йўқса, катта-катта корхоналар, буни тўғри тушуниш керак, янги инновацияни ўзларининг ишлаб чиқараётган ҳозирги тизимига киритиши қийин.
Бу механизм бутун дунёда бор ва биз ҳам йўлга қўя олсак, мақсадга эришилган бўлади», — деб қўшимча қилди Иброҳим Абдураҳмонов.

Вазир соҳадаги муаммолар хусусида ҳам тўхталиб ўтди.
«Муаммолар жуда ҳам бисёр. Олимларнинг янгилик сифатида яхши ишланмалари мавжуд. Лекин булар охирига етмаган, яъни ҳали сертификати йўқ, стандартига қўйилмаган ва ишлаб чиқариш ташкил қилмаган ишланмалар деб айтиш мумкин.
Иккинчидан, олимларимиз уни патентлаб ўзлари ишлаб чиқаришга ҳаракат бор, аммо биз бунга қаршимиз. Улар илм билан машғул бўлиши ва биз иккинчи бир кўчани, яъни тадбиркорлар доим харидор бўлиши керак олимларнинг ишланмаларига», — дейди Инновацион ривожланиш вазири.
Иброҳим Абдураҳмонов патентлаш тизимида юзага келаётган муаммолар ва уни ечими ҳақида тушунтириш бериб ўтди.







