Ўзбекистон | 12:13 / 25.12.2019
6246
3 дақиқада ўқилади

Сўнгги икки йилда текширилган 1591та тиббий муассасанинг 82 фоизида молиявий қонунбузарликлар аниқланган

Фото: KUN.UZ

Бош прокуратурада соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида коррупция ҳолатлари ҳамда уларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни муҳокама қилишга бағишланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда республика бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилди.

«Бюджет маблағларининг сарфланиши, ўзаро ҳисоб-китоб, 
пулли хизмат кўрсатиш жараёнидаги тизимли камчилик ва нуқсонлар ҳам соҳадаги асосий коррупциявий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.

Эътибор беринг. Давлат молиявий назорат департаменти томонидан сўнгги икки йилда текширилган 1.591 та тиббий муассасанинг 1.311 таси ёки 82 фоизида молиявий қонунбузарликлар аниқланган. Фақат жиноят ишлари бўйича қарийб 92 млрд. сўм бюджет ва бошқа маблағлар толон-торож қилинганлиги маълум бўлди.

Вазирликнинг Ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан аниқланаётган молиявий қонунбузарликлар ҳам йилдан-йилга ортмоқда.

Жумладан, мазкур хизмат томонидан 2018 йилда 8,2 млрд. сўм сарфланишида молиявий қонун бузилишлар аниқланган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 3 баробарга ортиб, 26,7 млрд. сўмни ташкил қилди.

Ваҳоланки, соҳани ўзини ўзи молиялаштиришнинг ягона манбаи – пуллик тиббий хизмат кўрсатиш жараёнида ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмаган, интизом ва тартиб бўшашиб кетган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент томонидан Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология маркази айрим мансабдор шахслари банк ходимлари, жами 12 нафар шахслар билан жиноий тил бириктириб, 15,3 млрд. сўмни ўзлаштирганликлари   аниқланди.

Шундан, эътибор беринг, пуллик хизматдан тушган 13,2 млрд. сўм банкка топширилмасдан, 1,1 млрд. сўм эса, ходимларнинг иш ҳақлари ғазнадан   очиқдан-очиқ ўзлаштирилган. Бу ҳам етмаганидек, амалда кўрсатилмаган хизматлар ҳамда етказиб берилмаган жиҳозлар учун 636 млн. сўм ўтказилиб, сув ва ҳаводек зарур маблағ талон-торож қилинган. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 5 нафар масъул мансабдор шахс қамоққа олинди.

Бундан ташқари, вазирлик “Тиббиёт-қурилиш” инжиниринг корхонасининг баъзи мансабдор шахслари тиббий муассасаларда амалда бажарилмаган қурилиш ишлари, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳамда молиявий ёрдам важи билан 2,3 млрд. сўм ўтказиб, маблағларни қўлга киритишган. Бу ҳолат юзасидан ҳам жиноят иши қўзғатиб, тергов ўтказишни бошланганидан сўнг, қисқа муддатда 1 млрд. сўмдан ортиқ зарар қопланди.

Энг ташвишлиси, бундай ҳолатларга вазирлик ҳам, бюджет назоратига масъул идоралар ҳам “кўз юмиб”, сукут сақлашни маъқул кўришган. Ким бу ишларга аралашган ёки раҳнамолик қилган бўлса, тергов жараёнида барчасининг жавобгарлик масаласи, албатта, ҳал қилинади», - дейди Н. Йўлдошев.

Мавзуга оид