Ўзбекистон | 09:45 / 26.12.2019
3266
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Ядро аварияси тўғрисида тезкор хабар бериш ҳақидаги Конвенцияга қўшилади

Фото: РИА Новости

Ўзбекистон Ядро аварияси тўғрисида тезкор хабар бериш ҳақидаги Конвенцияга қўшилиши мумкин.

Президентнинг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди. Ҳужжат президентнинг 2019 йил 7 февралдаги ПҚ-4165 қарори билан тасдиқланган “2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 1-бандига асосан ишлаб чиқилган.

Қарор лойиҳаси билан Ядро аварияси тўғрисида тезкор хабар бериш ҳақидаги Конвенцияга (Вена, 1986 йил 26 сентябрь) қўшилиш кўзда тутилмоқда.

Мазкур Конвенциянинг 12-модда 5-бандига асосан ҳужжат барча давлатлар қўшилиши учун очиқ ҳисобланади.

Ҳозирги кунда 102 та давлат Конвенциянинг иштирокчиси ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасини Конвенцияга қўшилишининг мақсадга мувофиқлиги:

атом энергиясидан фойдаланишда юқори даражадаги хавфсизликни таъминлаш;

ядровий аварияларнинг олдини олишга ва бундай аварияларнинг оқибатларини минималлаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

атом энергиясидан хавфсиз фойдаланиш ва уни ривожлантириш соҳасида халқаро ҳамкорликни кучайтириш;

трансчегаравий радиация оқибатларини минималлаштириш мақсадида давлат томонидан ядровий авариялар тўғрисида мавжуд маълумотларни тезкор тақдим этилишини таъминлаш;

ушбу соҳада икки томонлама ва кўп томонлама маълумот алмашиш бўйича келишувларни амалга ошириш билан белгиланади.

Конвенцияга қўшилиш қўшимча молиявий харажатларни талаб этмайди. Конвенция иштирокчиларининг таркиби ўрганилганда давлатларнинг аксари (Беларус, Россия Федерацияси, Украина, Хитой, Туркия, АҚШ ва бошқалар) ҳужжатнинг 11-модда 2-бандига қўшимча шарт билан (низоларни ҳал қилиш) қўшилгани айтилмоқда.

Шу билан бирга, Конвенцияга Ўзбекистон Республикасини қўшилиши мақсадга мувофиқлиги юзасидан вазирлик ва идоралар билан келишиш натижаларига кўра Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳам ушбу таклиф киритилган.

Шу сабабли Ўзбекистон Республикасининг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ушбу Конвенцияга қўшилинган тақдирда юқорида кўрсатилган қўшимча шарт киритилиши лозим деб ҳисоблаяпти.

Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини таҳлили мазкур Конвенцияга қўшилиш натижасида Ўзбекистон Республикасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ёки ўз кучини йўқотиши мумкин бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмаслигини кўрсатган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид