Жамият | 20:01 / 27.12.2019
2240
6 дақиқада ўқилади

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖ: эзгу ташаббус ва муҳим янгиланишлар – доимий мақсадимиз

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг Шайхонтохур туман электр таъминоти корхонаси мутасаддилари юртдошларимиз оғирини енгил қилишга ўз ҳиссасини қўшди. 

Жамиятда ёзилган қонунлар билан бир қаторда ёзилмаган, инсонпарварлик, ўзаро меҳр-мурувватлилик тамойилларига таянадиган қонуниятлар ҳам борки, айниқса, бу ўзбек халқининг миллий қадриятларига пойдевордир. Шу нуқтаи назардан «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг Шайхонтохур туман электр таъминоти корхонаси мутасаддилари томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу ташаббуслари диққатга сазовор. Ўз самарасини бераётган мазкур ташаббусга кўра «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг шаҳар ва туман бўлимларининг мутасадди раҳбарлари хизмат вазифаларини адо этиш асносида кам таъминланган, боқувчиси йўқ, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг электр энергиясидан тўловлардан бўлган қарздорликларни бартараф этиш бўйича алоҳида иш ташкил қилмоқда. 

Бу борада улар халқимизнинг азалий қадрияти – саховатпешалик фазилатига таянган ҳолда жойларда фойдаланган неъматлари учун тўловга қурби етмай турган оилаларнинг қарзларини бартараф этишга тадбиркор ва ишбилармонларнинг ҳомийлик ёрдамларини жалб этмоқда. «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг Шайхонтохур туман электр таъминоти корхонаси мутасаддилари ташаббуси билан тумандаги кам таъминланган оилалар аниқланиб, уларнинг электр энергиясидан бўлган қарздорликлари савоб ишга қўл урушни истаган инсонлар томонидан тўлаб берилмоқда.

Шайхонтохур туманининг «Белтепа» маҳалласида яшовчи М.Аҳророва ҳамда Ф.Исамуҳамедованинг оиласи маҳалла аҳлининг доимий меҳр-мурувватидан баҳраманд бўлиб келаётганига қарамай, фойдаланилган электр энергияси учун тўловларга қўли қисқалик қилиб қолди. Фаробий кўчаси 33-хонадонда яшовчи М.Аҳророванинг электр энергиясидан бўлган қарздорлиги 400 минг сўм ҳамда 24-хонадонда яшовчи Ф.Исамуҳамедованинг электр энергиясидан бўлган қарзи 300 минг сўмга етиб қолибди. Ушбу ҳудуд бўйича Шайхонтохур туман электр таъминоти корхонаси раҳбари А.А.Мусамедовнинг олиб борган тушунтириш ишлари натижасида ҳомийлар томонидан хонадонларнинг қарзини ёпиш учун беминнат 700 минг сўм тўлов қилиб, хонадон соҳибларига тўлов квитанциялари «Белтепа» МФЙ раиси К.И.Каримов томонидан тақдим этилди.

- Ўғлим жигар циррози билан оғриганлиги учун 2-гуруҳ ногирони ва ўзим ҳам 3-гуруҳ ногирони бўлганлигим учун тўловларни ўз вақтида тўлай олмадим, шу сабабли электр энергиясидан қарзимиз тўпланиб қолганди, қарз устига яна жарима тўлашдан қўрқиб юргандим. «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖнинг Бош директорига ҳамда Шайхонтохур туман электр таъминоти корхонаси раҳбари А.А.Мусамедовга катта раҳмат, улар қарздан қутилишимга катта ёрдам беришди, 20 декабрь куни маҳалла идорасига келиб қарздорлик бартараф этилгани ҳақидаги тўлов квитанцияларини тақдим этишгани оиламизни хурсанд қилди - дейди, фуқаро М.Аҳророва ҳамда Ф.Исамуҳамедовалар. 

Шунингдек, ушбу тумандаги «Белтепа» МФЙ дан Белтепа тор кўчалари ҳамда Белтепа Фаробий кўчалари кесишмасида яшовчи фуқаролар узоқ йиллардан бери электр энергияси қуввати кўрсаткичи паст бўлганлигидан йилнинг ёз ва қиш мавсумларида кўплаб ноқулайликларга тўқнаш келган.

Бундан ташқари, бу маҳаллада ўрнатилган трансформатор пункти 1975 йилдан буён зўриқиб ишлаши оқибатида кўплаб узилишлар юзага келган. Ушбу масалани ҳал этишда Шайхонтохур туман электр таъминоти корхонаси томонидан “Белтепа” МФЙ худудига шу кунга қадар ўрнатилган ҳаво тармоқларига қўшимча 18 та замонавий таянч устунлари, 1,5 км.дан ортиқ СИП қопламага эга бўлган ҳаво тармоғи тортилди ва қўшимча янги 630 кВА қувватга эга бўлган янги трансформатор пункти ўрнатиб берилди.

Худди шунингдек, Шайхонтохур тумани «Қоратош» МФЙ Охунбобоев 1-кўп қаватли уй ТП2682-сонли трансформатор пунктидан узоқ йиллар аввал ётқизилган кабель тармоқлари эскириб кетганлиги сабабли кўплаб авария ҳолатлари мавжуд бўлгани учун ушбу кўп қаватли уйда яшовчи фуқаролар электр энергияси таъминотида кўплаб узилишлар содир бўлаётганидан ҳамда электр энергияси қуввати кўрсаткичлари пастлиги туфайли ушбу кўп қаватли уйда яшовчи аҳоли туман электр таъминоти корхонасига мурожаат қилишган. 

Шайхонтохур туман электр таъминоти корхонаси томонидан ушбу мурожаатларга беэътибор бўлмасдан аҳолининг муаммолари ўз вақтида ижобий ҳал этилди. Ушбу кўп қаватли уйни ишончли ва сифатли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида, ТП2682-сонли трансформатор пунктидан янгитдан 260 метр узунликдаги паст кучланишга эга бўлган кабель тармоқлари ўрнатилиб берилди. Бугунги кунда ушбу кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар «Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖ ва Шайхонтохур туман электр таъминоти корхонаси мутасаддиларидан миннатдор.

Тошкент шаҳрининг туман электр таъминоти корхоналари ҳамда маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда бу каби амалий тадбирлар давом эттирилмоқда. 

«Тошкент шаҳар электр тармоқлари корхонаси» АЖ 
Матбуот хизмати

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид