Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг чет эл валютасидаги маблағларининг ғазна ижроси тартиби эълон қилинди.
Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун жойлаштирилган қарори лойиҳасига кўра:
бюджет ташкилотларининг, бюджет маблағлари олувчиларнинг ҳамда давлат мақсадли жамғармаларининг чет эл валютасидаги операциялари ижроси Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан ғазна ижроси йўли билан амалга оширилади;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилиги томонидан бюджет ташкилотлари, бюджет маблағлари олувчилар ҳамда давлат мақсадли жамғармалари учун чет эл валютасида шахсий ғазна ҳисобварақлари очилади;
бюджет ташкилотлари ва давлат мақсадли жамғармалари томонидан тижорат банкларида чет эл валютасидаги банк ҳисоб рақамларини очилиши тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг чет эл валютасидаги маблағларининг ғазна ижроси тартиби тўғрисидаги низомда айтилишича, ҳар бир чет эл валютаси бўйича алоҳида ягона ғазна ҳисобварағи (ЯҒҲ)лар очилади.
Бюджет тизими бюджетларининг чет эл валютасидаги маблағларига Ғазначилик томонидан ЯҒҲдан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш чет эл валютасидаги маблағларини кирим қилиш, тўловларни амалга ошириш, ҳисобини юритиш (валюта операциялар) орқали амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ахборот тизимлари ўртасида электрон рақамли имзо қўлланилган ҳолда ахборот алмашинилади.
Қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ўтказилиши лозим бўлган чет эл валютасида тўланадиган тўловларни қабул қилиш учун белгиланган тартибда тушумлар бўйича чет эл валютасидаги шахсий ғазна ҳисобварақларини (ШҒҲ) очиш ва ёпиш Ғазначилик томонидан амалга оширилади.
Буюртмачиларнинг чет эл валютасидаги тушумлари (маблағлари) ЯҒҲга кирим қилинади ҳамда уларнинг ШҒҲларида акс эттирилади.
Буюртмачиларнинг харажатлари (тўловлари) ШҒҲлари қолдиқлари доирасида ЯҒҲдан Ғазначилик ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ахборот тизимида амалга оширилади.
Молия вазирлигининг чет эл валютасидаги операцияларининг ҳисоби валюта турлари бўйича Ғазначилик томонидан очиладиган алоҳида ШҒҲларида юритилади.

















