Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг беш йилликдаги фаолияти сарҳисоб қилинди
4 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5 йиллик фаолияти юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирда парламент қуйи палатасининг учинчи чақириқдаги фаолияти, депутатлар томонидан амалга оширилган ишлар хусусида ахборот берилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси очиқлик йўлида дадил одимламоқда. Парламент қуйи палатасининг учинчи чақириқдаги фаолияти юзасидан ахборот тайёрланди. Бундай ахборот парламентимиз тарихида илк бор жамоатчилик учун очиқ тақдим қилинмоқда. Бу – очиқлик йўлидаги муҳим қадамлардан бири.
Учинчи чақириқ депутатлари ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалари орқали юртимиз ҳаётига доир ҳар бир муҳим воқеа-ҳодисага, ўзгариш ва янгиланиш жараёнларига ўз муносабатини билдириб бордилар. Қонунчилик палатаси расмий веб-сайтидаги барча фуқаролар учун очиқ бўлган “депутатнинг виртуал қабулхонаси” хизмати ҳам халқ вакилларининг барча сайловчилар билан муносабати сифати ва тезкорлигини, улар фаолиятининг шаффофлиги ҳамда ҳисобдорлиги даражасини жиддий тарзда оширди”, дея Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Эркин Холбўтаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Матбуот анжуманида сўнгги йилларда Қонунчилик палатаси фаолиятида ижро ҳокимияти фаолияти устидан таъсирчан парламент назорати амалга ошириш кучайгани, хусусан, парламент тарихида илк бор янги институт – “Ҳукумат соати” жорий этилгани таъкидланди. Қайд этилишича, бугунги кунга қадар 14 марта “ҳукумат соати”, 82 марта парламент эшитуви ўтказилган.
“Сўнгги йилларда парламент ва депутатлик сўрови сони кескин ошди. 2015-2019 йилларда 28 та парламент сўрови ва 856 та депутатлик сўровлари юборилди. Парламент назоратини юритишнинг янги шакли — ҳукуматнинг ҳар чораклик ҳисоботини эшитиш депутатлар фаолияти самарадорлигини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Шу маънода, парламент тарихида илк бор 2019 йилдан бошлаб Вазирлар Маҳкамасининг тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.
2017-2018 йилларнинг ўзида республикамизнинг 137 та туман ва шаҳридаги ҳақиқий ҳолат бевосита жойларга чиқиб ўрганилди. Ижро этувчи ҳокимият органлари билан биргаликда аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тизимли ишлар йўлга қўйилди” дейди парламент қуйи палатаси депутати Жаҳонгир Ширинов.
“Биринчи марта барча учун эълон қилинган ушбу ахборот парламент қуйи палатаси ўзининг беш йилликдаги фаолиятини очиқ ва шаффоф олиб бораётганидан далолатдир. Бу, ўз навбатида, депутатларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлигини таъминлаш, сайловчиларга қуйи палатада қабул қилинаётган қонунлар ва назорат-таҳлил фаолияти юзасидан тугал, тушунарли, содда ва халқчил тилда маълумот етказишда муҳим аҳамият касб этади. Ахборотнинг турли жадвал ҳамда инфографикалар билан бойитилгани эса, фуқароларнинг қуйи палата фаолияти ҳақида янада аниқ тасаввурга эга бўлишига ёрдам беради”, дейди Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бош илмий ходими Наргиза Гулимова.
Матбуот анжуманида 2015–2019-йилларда қабул қилинган қонунларнинг сифатини яхшилаш бўйича аниқ чоралар кўрилгани, қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш тартиби киритилгани, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек, уларга илова қилинаётган ахборот-таҳлилий материалларни юридик-техник жиҳатдан расмийлаштиришнинг ягона услубиёти тасдиқлангани, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларда тизимлаштирилиши ва унификация қилиниши лозим бўлган қонун ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш бўйича “Йўл харитаси” қабул қилингани маълум қилинди.
Мавзуга оид
19:08 / 25.10.2024
Сайловда 1 миллиондан ортиқ фуқаро муддатидан олдин овоз берди
20:25 / 23.07.2024
Хориждаги маҳкум ўзбекистонликлар жазони ватанида давом эттириши мумкинлиги белгиланмоқда
19:14 / 23.07.2024
Ўзбекистонда “тренингчи”лар фаолияти тартибга солинади
14:10 / 09.07.2024