Ўзбекистон | 10:42 / 04.01.2020
24816
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик экспортчи мева-сабзавот етиштиришдаги муаммоларни санаб ўтди

Ўзбекистон баргак (данаксиз туршак) етиштириш бўйича дунёда иккинчи, ўрик ва кишмиш етиштириш бўйича тўртинчи, қора олхўри ва гилос етиштириш бўйича бешинчи, олхўри ва шафтоли етиштириш бўйича еттинчи ва тўққизинчи, узум етиштириш бўйича ўн еттинчи ўринда туради. Бу ҳақда дея Caravan Gardens компанияси бош директори Жамшид Абдуллаев бугун Тошкентда бошланган «Umid 2.020» халқаро конференциясидаги чиқишида айтиб ўтди.

Вестминстер университети битирувчиси бўлган Жамшид Абдуллаевнинг таъкидлашича, экспорт соҳасидаги тўсиқларнинг олиб ташланиши экспорт ҳажмининг кескин ошишига олиб келган. У буни ўзи раҳбарлик қилаётган компания мисолида кўрсатиб берди.

«Мен 2019 йилда Ўзбекистондан 3 млн 347 минг долларлик мева-сабзавотларни экспорт қилдим. 2018 йилда бу кўрсаткич 2 млн 129 минг, 2017 йилда 863 минг, 2016 йилда 257 минг долларни ташкил қилган эди. Конвертациянинг эркинлашуви, экспорт чекловлари, соҳадаги яширин солиқлар ва экспорт қилинадиган маҳсулотлар учун олдиндан тўловнинг бекор қилиниши, экспорт қилувчиларга Марказий банкдан нақд пул берилиб, уларнинг томорқа эгаларидан маҳсулотларни нақд пулга сотиб олишига имкон берилиши компаниямнинг экспорт ҳажми кескин ошишига хизмат қилди.

Биргина давлат томонидан экспорт сиёсатининг либераллашуви натижасида компаниямнинг маҳсулот айланмаси шу даражагача кўтарилди. Ҳолбуки, 2016 йилдаям шунча одам ишларди фирмамда, ҳозир ҳам шунча одам ишлайди», дея Caravan Gardens компанияси бош директори Жамшид Абдуллаевнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Жамшид Абдуллаев

Ўзбекистон мева-сабзавотларини асосан Россия, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларига экспорт қиладиган мутахассиснинг сўзларига кўра, соҳада ижобий тенденциялар билан бир қаторда ечимини кутаётган масалалар ҳам талайгина. Жумладан, Ўзбекистонда мева-сабзавот селекциясининг тўхтаб қолгани, жаҳон бозорида талабгир бўлган, узоқ муддат сақланадиган янги навлар яратилмаётгани, Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида қандай маҳсулот етиштирилиши, экспортчилар ўзига керак миқдордаги мева-сабзавотни битта қўлдан қаердан олишни ҳалигача билмаслиги, бу борада ҳудудларда ахборот-таҳлил марказларининг йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, у транспорт-логистика борасида кўп йиллар қийнаб келган муаммоларга ечим топилгани асносида ҳамон маҳсулотларни қадоқлаш муаммолигича қолаётганига урғу қаратди.

«Хитой гилосни 15 доллардан олишга тайёр. Лекин уларнинг тасаввуридаги гилос билан биз биладиган гилоснинг ўртасида катта фарқ бор. Таваккал қилиб Хитойга олиб борилган тонналаб гилоснинг 10 фоизигина уларнинг талабига жавоб беради, қолганини қайтаришади. Россия ва БАА билан ҳам шунга ўхшаш муаммо бор. Маҳсулотларимиз у ерда асосан зараркунандаларни деб чиқитга чиқиб кетмоқда. Россияда маҳсулот таркибида қандайдир ҳашорат аниқланса, бутун бошли партияни йўқ қилишади. Шу сабабли ҳозир ўзимизда ҳам лабораториялар ташкил этилди, экспорт учун мўлжалланган маҳсулотларни аввал шу ерда текширувдан ўтказяпмиз. Бу эса йўқотишларнинг олди олинишига хизмат қиляпти.

Селекция масаласи катта муаммо. Масалан, Россиядан бир хил катталикдаги булғор қалампирига катта миқдорда буюртма бўлиб қолади гоҳида. Афсуски, Ўзбекистонда бундай сифатдаги маҳсулотни катта миқдорда топиш ҳозирча имконсиз. Бу эса маҳсулотлар навларини қайта кўриб чиқиш, узоқ вақт сақланадиган, экспорт қилаётганда йўлда сифати бузилиб қолмайдиган, хориждаги дўконлар ва савдо марказлари оғринмай оладиган маҳсулотларни етиштиришни йўлга қўйишимиз керак», дейди Жамшид Абдуллаев.

Мавзуга оид