Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Электрон меҳнат дафтарчалари бўш иш ўринлари ҳақида тезкор маълумот олишга имкон беради» – вазирлик
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги расмийси Алишер Элмуродов меҳнат шартномаларининг электронлаштирилиши афзалликлари хусусида ахборот берди.
«Шу пайтгача республикада меҳнат бозорининг ҳолати ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлмаганмиз. Маълум бир ташкилотдаги ходимлар ёши, жинси, мутахассислиги ҳақида оператив ахборотларга эга бўлиш имконсиз эди.
Аҳоли бандлиги соҳасида таҳлил, прогнозлаш даражаси жуда паст бўлган. Натижада, вақтида аниқланмаган муаммолар йиғилиб қолган. Электрон меҳнат дафтарчалари ишга туширилиши ушбу масалалаларни ҳал қилишга имкон яратади. Шунингдек, қатор енгилликларни яратиб беради.
Электрон меҳнат дафтарчалари ишга туширилса, бўш иш ўринлари ҳақида оператив маълумот олиш мумкин бўлади. Ходим ишга киргани ва бўшагани электрон қайд этилади ва тўғридан-тўғри базага кириб ваканциялар тўғрисида тезкор билиб олишимиз мумкин», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Элмуродовнинг қўшимча қилишича, маълумотларнинг электронлаштирилса, ходим иш жойидан маълумотнома олиши учун иш берувчига мурожаат қилишига эҳтиёж туғилмайди. Тизимга кириб, корхона-ташкилот ҳақидаги очиқ маълумотни олиб керакли жойга тақдим этиши мумкин. Бунда инсон омили камайиб, ишлаш тизими осонлашади.