Иқтисодиёт | 12:07 / 10.01.2020
38066
2 дақиқада ўқилади

Шакар очиқ савдога чиқарилди

Фото: Getty Images

Президентнинг 2019 йил 8 октябрдаги  ПҚ-4484-сонли қарори 1-бандига мувофиқ, маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган шакар ички бозорда фақат биржа савдолари орқали бозор тамойиллари асосида барча тоифадаги харидорларга биржа савдоларида қатнашиш имконияти тенг таъминланган ҳолда реализация қилинади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, республиканинг олис ва етиб бориш қийин бўлган ҳудудларида жойлашган истеъмолчиларга тўғридан-тўғри шартнома асосида ўз савдо тармоқлари орқали сотиладиган, умумий ишлаб чиқариш ҳажмининг 10 фоизидан ошмайдиган ҳажми бундан мустасно саналади.

Билдирилишича, 2020 йилгача ишлаб чиқарилган шакарнинг чекланган маълум қисми (ишлаб чиқариш ҳажмининг 12,5 – 13,5 фоизи) очиқ биржа савдоларида реализация қилинган, қолган қисми эса дилерлик тармоқлари орқали тўғридан-тўғри шартномалар орқали сотилган.

Ўтган йил “Ангрен шакар” МЧЖ томонидан жами бўлиб 28,8 минг тонна шакар биржа савдоларида сотилган бўлса, 2020 йилнинг фақатгина январ ойида биржа савдоларига 20,0 минг тонна шакар қўйилиши режалаштирилган. 

“Хоразм шакар” МЧЖ томонидан ўтган 2019 йилда биржа савдоларида 27,4 минг тонна шакар сотилган бўлса, жорий йилнинг январ ойида 18,0 минг тонна шакар сотиш режалаштирилган.

Биржа савдолари орқали сотиладиган шакар ҳажмининг бир неча баробар ошиши ўз навбатида шакарга бўлган талабни тўлиқ қондириш имкониятини беради, дейилган маълумотда.

Бир вақтни ўзида, 13та минтақавий бўлинма ва 300дан ортиқ савдо майдончаларидан иборат бўлган Республика товар-хомашё биржасининг инфратузилмаси шакар сотиб олмоқчи бўлган барча улгуржи  истеъмолчилар ва тадбиркорларга биржа савдоларида иштирок этишни таклиф қилган.

Мавзуга оид