Жамият | 20:20 / 10.01.2020
8437
3 дақиқада ўқилади

Хорижий олий таълим квалификацияларини тан олиш ва нострификация қилишга оид аризалар йилдан йилга ошмоқда

2019 йил хорижий давлатларда олинган дипломларни тан олиш бўйича қабул қилинган 12 867та аризанинг бор-йўғи 26 фоизи ижобий баҳоланиб, нострификацияланган.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Сўнгги 3 йил ичида хорижий олий таълим квалификацияларини тан олиш ва нострификация қилишга оид аризалар сони 5,3 мартага ўсди.

2017 йилда 2 минг 409та, 2018 йилда 4 минг 964 та ариза қабул қилинган бўлса, 2019 йилда 12 минг 867та аризалар рўйхатга олинган. Бу ҳақида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев томонидан маълумот берилди.

Унинг қайд этишича, 2019 йил хорижий дипломни тан олиш учун топширилган аризаларнинг 72,4 фоизи қўшни мамлакатлар – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон давлатлари таълим муассасаларининг ҳужжатлари ҳиссасига тўғри келган.

«Бироқ 2019 йилги 12 867та аризанинг бор-йўғи 26 фоизи ижобий баҳоланиб, нострификацияланган.

Ҳозир ижтимоий тармоқларда ҳам бу мавзу кенг муҳокамада. Чегарадан ўтгандан сўнг ёшларимиз айрим қўшни мамлакатларда арзон нархли ОТМларда 300-400 АҚШ доллари тўлаб таълим олишмоқда.

Бу ёшларнинг иккита йўли бўлади: биринчи курсдан кейин ўқишини Ўзбекистонга кўчириш ёки ўқишни тугатгач, ҳужжатининг Ўзбекистонда тан олинишига эришиш», дейди Улуғбек Тошкенбаев.  

Унинг таъкидлашича, ҳар бир давлатда нуфузли ва миллий рейтинги паст бўлган ОТМлар мавжуд бўлади. Миллий рейтинги паст бўлган ОТМларда таълим олган ёшлар ҳатто дипломни тан олиш имтиҳонларидан ҳам ўта олишмайди.

«Биз бу масалани қандай ҳал қилишимиз зарур деган саволга жавоб беришимиз зарур? Ёшлар Ўзбекистонда олий таълим олиши учун қамровни оширишимиз керак.

Лекин бу ўринда ҳам савол пайдо бўлади. Олий таълим қамрови ошгач, эртага  биз уларга иш топиб бера оламизми, шунча олий маълумотли кадрлар Республикага керакми-йўқми, деган масала ҳам бор», дея мулоҳазаларини билдирди Улуғбек Тошкенбаев.

Унинг сўзларига кўра, фақатгина олий таълим муассасаларида сифатни ошириш билан бу мураккаб масалани ҳал этиш мумкин.

Мавзуга оид