Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида яшовчи Аселнинг айтишича, у Қозоғистондаги Костанай гуманитар институтининг «Қозоқ тили ва адабиёти» мутахассислигини тугатган. Айни пайтда Ўзбекистонда яшаётганлиги боис дипломининг тан олиниши учун 2019 йил январ-март ойларида Янгиқўрғон тумани давлат хизматлари маркази орқали Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига уч марта ариза топширган.

«Аризаларимга биноан уч марта тест топшириқларига қатнашдим, биринчи ва иккинчи марта имтиҳондан ўта олмаган бўлсам, охирги мартада «Ўзбекистон тарихи» фанидан тест топшириқларини ва суҳбатни ижобий топширдим.

Шундан сўнг энди менга дипломим тан олиниши мумкинлиги ҳақида айтилди. Бироқ кейинроқ «Сиз ўқиган муддат дипломингиз тан олиниши учун етарли эмас», дейишди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ходими Низомжон Ишанқулов менга имтиҳон учун тўлаган пулларим қайтариб берилишини, Халқ банкининг туман филиали орқали пулимни олишим кераклигини айтганди. Бироқ ҳали пулни ҳам қайтариб ололмадим», – дея ёзади Асель Изтелеу.

Асель Изтелеунинг эътирозига сабаб бўлаётган асосий нарса – у имтиҳон топшириш учун керакли миқдорда пул тўлагани, Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан (бир эмас, уч марта) имтиҳонга чақирилгани ва имтиҳонларни топширгани, лекин якунда таълимнинг муддати билан боғлиқ муаммо аниқлангани туфайли диплом берилмагани бўлмоқда.

«Ахир ташкилотнинг ўзи мени чақиргани учун имтиҳонда қатнашдим. Берухсат қатнаша олмас эдим. Имтиҳондан керакли балл тўплаганимдан кейин нега дипломим тан олинмаётганини тушунмаяпман», – дейди у.

Масъуллар нима дейди?

Kun.uz мухбири ҳолатни тўлароқ ўрганиш мақсадида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бўлим бошлиғи Низомжон Ишанқулов билан боғланди.

«Тартибга кўра, фуқаролар хорижда олинган дипломларининг тан олиниши учун давлат хизматлари маркази орқали ариза топширади. Давлат хизматлари марказида эса уларнинг аризаларини қабул қилиш учун 2та дастур ишлайди: биринчи марта мурожаат қилаётганлар ва қайта мурожаат қилаётганлар учун.

Биринчи марта мурожаат қилаётган фуқаролар сўровномада ўзи ҳақидаги маълумотлар билан бирга диплом маълумотлари, диплом ва иловасидан нусха, диплом ва иловасининг ўзбек тилига ўгирилган ва нотариал тасдиқланган нусхасини юклашлари керак бўлади.