Давлат божхона қўмитаси Божхона тўловлари бошқармаси бош инспектори Илҳомжон Пардаев билан сўнгги кунларда муҳокамаларга сабаб бўлган божхона янгиликлари бўйича суҳбат қилдик.
– Илҳомжон, хуш келибсиз. Кўпчилик орасида “2020 йил 1 январдан божхона тўлови 30 фоизга ошар экан” деган умумий бир маълумот тарқалди. Бу хабарлар қанчалик асосли?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун товарларни олиб ўтиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПҚ-4508-сон қарорига мувофиқ, 2020 йил 1 январдан бошлаб, республикамизга кириб келаётган жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб келинаётган нотижорат мақсадлардаги товарлари божсиз олиб киришнинг чекланган меъёрларидан ортган ҳолатларда божхона тўловлари соддалаштирилган тартибда ундирилиши йўлга қўйилди. Яъни, божхона божи, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғи ўрнига товарнинг божхона қийматидан 30 фоиз, лекин ҳар бир килограми учун 3 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда ягона божхона тўлови ставкаси жорий қилинди.
Мазкур ставкалар Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодидан ва келиб чиқиш мамлакатидан қатъи назар товарларнинг барча тоифалари бўйича божхона қийматидан келиб чиққан ҳолда татбиқ қилинади.
Қарор билан жисмоний шахслар томонидан шахсий эҳтиёжлари учун олиб кириладиган товарлар тоифасига кирмайдиган товарлар рўйхати ҳам тасдиқланди. Улар сирасига тиббиёт техникаси ва ускуналари, тиббиёт, хирургия, стоматология ёки ветеринария мебели, фотолабораториялар учун аппаратура ва ускуна, ўйин автоматлари каби қатор товарлар киради.
– Бу янгилик ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди, табиийки турли фикрлар билдирилмоқда. Бу баҳс мунозараларни кузатиб боряпсизми, муносабатингиз қандай?

– Албатта, фаолиятимизга оид ҳар қандай хабар диққат марказимизда бўлади. Лекин бу қарор моҳияти тўғри тушунилиши, нотўғри татбиқ қилинмаслиги керак. Мана оддий мисол билан тушунтирсам: 2020 йил 1 январга қадар божхона божи, акциз солиғи ҳамда ҚҚС ставкалари йиғиндиси озиқ-овқат товарлари учун ўртача 37% ва ноозиқ-оқат товарлари учун 45%ни ташкил этган. Эндиликда эса буларнинг бари учун 30% миқдорида ягона божхона тўлови жорий этилди.
















