Ўзбекистон | 19:50 / 13.01.2020
3651
3 дақиқада ўқилади

Божхона тизимида «Ягона дарча» ахборот алмашинуви ишга туширилди

Бугун, 13 январь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ягона дарча» божхона ахборот тизимининг ишга тушгани, унинг афзалликларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Давлат божхона қўмитаси, «Ўзстандарт» агентлиги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари иштирок этишди. Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Бахтиёр Абдуғаниев ушбу тизим ҳақида маълумот берди.

«Жорий йил 1 январдан бошлаб экспорт-импорт операцияларида инсон омилини камайтириш ва иш муддатини қисқартириш мақсадида «Ягона дарча» божхона ахборот тизими (www.singlewindow.uz) ишга туширилди. Эндиликда республикадан олиб кетилаётган ва олиб кирилаётган маҳсулотлар учун рухсатнома олиш электрон равишда амалга оширилади. Бу фуқароларга қандай қулайлик олиб келади? Энг аввало, электрон база ишга тушгани туфайли вақт масаласи муаммо бўлмайди, идоралараро электрон ҳужжатлар алмашинувини қоғозбозлик ва ортиқча оворагарчиликларсиз амалга ошириш мумкин бўлади.

Шунингдек, бу тизимдан хорижлик тадбиркорлар ҳам фойдаланиши, қўшимча маълумотлар олиши, хусусан, божхона реестрлари, республикада божхона омборлари жойлашуви, тўлов миқдори ҳақида ахборот олиш имконияти бор. «Ягона дарча»га келиб тушган аризани кўриб чиқиш жараёни ўша заҳоти бошланади. Бунда аризачи иш қайси босқичда кетаётгани ҳақида онлайн кузатиб туриш имконияти бўлади. Тизимга электрон рақамли имзо орқали кириш мумкин.

«Ягона дарча» 2та блокдан ташкил топган. Биринчисида ариза тақдим этиш, портал ҳақида асосий маълумотлар, рухсатнома ва сертификатларни ҳақиқийлигини текшириш бўлимлари бўлса, иккинчи блокда нотариф тартибга солиш тўғрисида маълумотлар, божхона юк декларациясини расмийлаштириш, логистика компаниялари каби бўлимларни ўз ичига олади», дейди Бахтиёт Абдуғаниев.

Қўшимча қилинишича, шартномани расмийлаштириш ва тўлов билан боғлиқ ишлар ҳам шу йилнинг апрель ойигача ҳал қилинади ва шундан сўнг бу тизимда инсон омили иштироки кузатилмайди. Шунингдек, рухсатнома ва сертификация олиш муддатини қисқартириш мақсадида маълум маҳсулотни ишлаб чиқарувчи корхона сертификатини тан олиш тизимини йўлга қўйиш режалаштириляпти.