Жамият | 12:06 / 15.01.2020
18685
2 дақиқада ўқилади

Шифокорлар бешинчи қаватдан тушиб кетган болани такрорий текширувдан ўтказишди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 14 январь куни Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳудудидаги уйлардан бирида бешинчи қаватдан тушиб кетган боланинг авҳоли ҳақида қўшимча маълумот берди. Маълум қилинишича, бола шифокорлар томонидан такрорий текширувдан ўтказилган.

«Жорий йил 14 январь куни соат 16:00 атрофида Тошкент шаҳри Олмазор тумани 3-Беруний даҳасидаги беш қаватли уйнинг бешинчи қаватида уч ёш 11 ойлик бола осилиб қолгани ва пастга тушиб кетгани акс этган видеохабар юзасидан аввал маълумот берган эдик. Ижтимоий тармоқларда шов-шувга айланган ушбу жараёнда бола уйда ёлғиз қолгани сабабли ўйнаб, деразадан чиқиб кетган, лекин у аҳоли томонидан пастда адёл тутиб ушлаб қолинган.

Бугун Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Болалар мажмуасида малакали шифокорлар томонидан бешинчи қаватдан тушиб кетган болани такрорий тиббий текширувдан ўтказилди. Текширув натижаларига кўра, бола оғир жароҳат олмагани ва аҳволи яхши экани яна бир бор тасдиқланди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Боланинг онаси кўрсатилган ёрдам учун қўшнилар ва тиббиёт ходимларига миннатдорчилик билдирган.

«Ушбу кутилмаган ҳолатдан ҳали ҳам шокдаман. Фарзандим шамоллагани учун бир муддатга уйда қолдириб, бошқа боламни мактабдан олиб келиш учун чиққандим. Шу орада, фалокат оёқ остида деганларидек, бу воқеа бўлиб турибди. Қўшни ва шифокорлардан боламнинг ҳаётини асраб қолишдаги беминнат ёрдами учун жуда ҳам миннатдорман», деган у.

Эслатиб ўтамиз, ушбу воқеа юзасидан 14 январь куни соат 16:18да чақирув бўлгач, тез тиббий ёрдам машинаси 7 дақиқада етиб борган ва биринчи ёрдам воқеа жойида кўрсатилиб, зудлик билан шифохонага олиб борилган ҳамда малакали шифокорлар томонидан унга сифатли даво чоралари қўлланган эди.

Мавзуга оид