Ўзбекистон | 19:38 / 20.01.2020
209734
3 дақиқада ўқилади

Модельер Наримон Григорян нима учун ўлдирилгани маълум бўлди

Тошкент шаҳар прокуратураси модельер Наримон Григоряннинг рашк сабабли ўлдирилганлиги тўғрисидаги гап-сўзларни рад этди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

“Бу миш-мишларни ишонч билан рад этиш мумкин. Қотилликнинг сабаби ўзганинг мулкини тортиб олиш бўлган», - деди Тошкент шаҳар прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи Анвар Ўрмонов.

Прокуратуранинг таъкидлашича, модельерни ўлдиришда гумонланиб ҳибсга олинган эркак ўз айбига иқрор бўлган.

Ўрмоновнинг сўзларига кўра, қотил модельер билан жиноят содир этилишидан бир ой аввал ижтимоий тармоқларда танишган. 

«Сўроқ пайтида гумонланувчи Наримон Григорян деб танилган Наримон Алимжоновни унинг пули ва баъзи моддий бойликларига эга бўлиш мақсадида ўлдирганини айтди. У 14 январь куни уйидан пичоқ ва бензин қуйилган бир литрли елим идиш билан чиққан. Аввалроқ у қурбонга қўнғироқ қилиб, унинг уйига бормоқчи эканлигини айтган. У Григоряннинг уйига келганида, унга бир неча марта пичоқ урган. Олинган жароҳатлар оқибатида Наримон Григорян воқеа жойида вафот этган. Қотил 625 АҚШ доллари, Iphone телефони ва қулоқчинлари, электрон сигарет ва Каптива автомобили калитини олиб кетган», - деди Тошкент шаҳар прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими бошлиғи ўринбосари Расулжон Ботир ўғли.

Жиноят изларини яшириш учун у хонадонга ўт қўйган.

“У ўзи билан олиб келган бензиндан фойдаланган. Хонадоннинг бир неча жойи ва марҳумнинг жасадига ўт қўйган. Сўнгра эшикни қулфлаб кетган», - деди прокуратура вакили.

Пойтахт прокуратураси бўлим бошлиғи Севара Саиджонованинг таъкидлашича, "айбланувчи Наримоннинг молиявий ҳолати тўғрисида етарлича маълумотга эга бўлмаган". У Наримон Григорян таниқли дизайнерлиги учун хонадонида катта миқдорда пул сақлайди деб ўйлаган бўлиши мумкин.

Айни вақтда гумонланувчи ҳибсга олинган. Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) бўйича айблов эълон қилинган.

Марҳумнинг жасади у ижарада истиқомат қилиб келган Яшнобод тумани, Чигил кўчасидаги хонадон меҳмонхонасидан қотиллик аломатлари билан топилган эди.  

Наримон Григорян – Ўзбекистоннинг таниқли модельер ва кийим дизайнерларидан бири, Nariman Grigoryan бренди асосчиси. У 2018 йилда Vogue China журнали томонидан «Йил кашфиёти» номинациясида энг яхши дизайнер деб топилган. Шу йилнинг ўзида у Тошкентда ўз модалар уйини очган эди.

Мавзуга оид