Ўзбекистон | 19:48 / 22.01.2020
5658
2 дақиқада ўқилади

Илк бор инглиз тилида чоп этилган «Фарҳод ва Ширин» достонининг тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 22 январь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоийнинг инглиз тилида чоп этилган «Фарҳод ва Ширин» достонини тақдим этиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирлар, ёзувчилар, таржимонлар ҳамда кутубхона фойдаланувчилари иштирок этди.

Навоий қаламига мансуб «Фарҳод ва Ширин» асари LLP «Wondernet Express Tashkent» компанияси томонидан нашр этилган бўлиб, ушбу достон илк бор инглиз тилида дунё юзини кўрмоқда.

Асарни шоир ва таржимон Аъзам Обид инглиз тилига таржима қилган.

«Инглиз тилида ўқийдиган дунё ўқувчилари учун «Фарҳод ва Ширин» достони Ғафур Ғуломнинг проза асари асосида таржима қилинди. Шоир сифатида шуни айта оламанки, бугунги кунда дунёда назмдан кўра кўпроқ наср ўқиляпти. Шеърият ўқувчилари камайиб бормоқда. Бизнинг мақсадимиз эса Алишер Навоийнинг асарини кўпроқ ўқувчиларга етказишдан иборат. Шунинг учун ҳам «Фарҳод ва Ширин»нинг проза вариантини таржима қилдик. Ушбу китоб ҳозирча 3 минг нусхада чоп этилди. Китобни кўп нусхада Ҳиндистонда қайта чоп этишни режалаштирганмиз»— деди Аъзам Обид.

Эндиликда Миллий кутубхона фойдаланувчилари буюк мутафаккир ва шоир Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонини инглиз тилида ҳам мутолаа қилиш имкониятига эга бўлди. 

Мавзуга оид