Бу инсонни кўрганимизда ўзбек миллийлиги, урф-одатларимиз кўз олдимизга келади. Устоз-шогирд анъаналарининг давомчиси – Турсунали полвон Мамажонов куни кеча таҳририятимиз меҳмони бўлди.
– Турсунали ака, сизни йирик тадбирларда мунтазам кўриб турардик. Аммо охирги пайтлар камнамо бўлиб қолдингиз. Миллийлигимиз тарғиботчиси бўлган Турсунали Полвон бугун нималар билан банд?
– 2016 йилда Фарғона ва Самарқанд каби вилоятларда ҳайвонот боғлари ташкил қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори чиқди. Вилоятимиз ҳокими шу йилнинг ўзидаёқ бу ишни амалга оширди ва 2016 йилнинг декабрь ойида боғ фойдаланишга топширилди. Шу ҳайвонот боғига мени бош қилиб қўйишган. Шундан бери бир жойга боғланиб қолдим.
Энди, ҳайвонот оламига бир кириб кетсангиз чиқиш қийин экан. Ҳайвонлар ҳам фарзандингиздай бўлиб қоларкан-да. Тўрт гектар еримизга яна бир гектар қўшимча ерни обод қиляпмиз ва бу майдон тўлалигича вольерлардан иборат. Жуда ноёб ҳайвонларимиз бор. Булар йирик альбинос бўғма илон, қора лайлак, зебра, жирафа кабилардир.
Одамларимизнинг қизиқиши яхши. Боғимиз тўла-тўкис давлат таъминотида, тушган маблағларни ривожланишга сарфлаймиз. Бундан ташқари, ўзимнинг иккита кўчма ҳайвонот боғим бор, ўғилларим ишлатишади.
– Тош ўйнатиб турибсизми?

– Сал қўполроқ ва ҳазил тарзида айтсам, ўйнашдан қолганим йўқ. Албатта, тошни биз ёшлигимиздан мунтазам ўйнаб келдик, бу одатни ташлай олмаймиз. Невараларим 25 нафар бўлса, қизларимдан ташқари 17 нафар набирам ишимизни давом эттиряпти, 5-6 нафари полвон, дорбоз. Ҳали гўдак бўлган чевараларим ҳам кичкина-кичкина тошларни ўйнатиб, «Мен полвонман», дейишади.
Шу пайтга қадар мингдан ортиқ киши мендан шогирдликка олишни сўраган бўлса, юз нафарчаси давом эттириб кетди. Ташлаб кетганларнинг кўпчилиги тирикчилик ташвишида бўлишди, оғир синовларга чидай олишмади. Қозоғистонда, Қирғизистонда, Тожикистонда шогирдларим бор. Ўзимизда яшаган турк биродарларимиздан шогирд тушган полвонлар бугунги кунда Туркияда яшаб юришибди.
Полвонликка-ку шогирд тушса бўлади, лекин дорбозлик анча мураккаб. Сабаби, биз болаларни 1,5 ёшидан дорбозликка ўргатамиз. Чунки 2 ёшида қўрқув ҳисси шаклланади. Болалигидан дорда юрган бола кейинчалик ҳам ерда юргандек юраверади.

















