Ўзбекистон | 22:26 / 25.01.2020
44868
3 дақиқада ўқилади

Молия вазири ташқи қарз ошиб, олтин-валюта захираси камаяётганига изоҳ берди

Газ, электр энергияси ва ичимлик суви таъминоти ҳамда йўл қурилиши соҳасидаги масалаларни ташқи қарз ҳисобигагина ҳал қилиш мумкин. Ташқи қарзнинг ўсиб бораётгани хавотирли эмас, деди Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

“Давлат ташқи қарзи ҳақиқатан ҳам анчагина юқори суръатлар билан кўпайди. Бунинг яширадиган жойи йўқ. Бугунги кунда ташқи қарзимиз 15,1 млрд долларни ташкил қиляпти. Ҳозирги кунда ялпи ички маҳсулотимиз 58 млрд доллар бўладиган бўлса, ташқи қарзимиз ЯИМнинг тахминан 25 фоизи атрофида. Давлат ташқи қарзининг ЯИМга нисбатан 25 фоиз бўлиши ҳеч нарса эмас. Бу умуман [ташвишланадиган] масала эмас”, дея Жамшид Қўчқоровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қўчқоровнинг таъкидлашича, ташқи қарз 2020–2022 йилларда ҳам анчагина тез суръатлар билан ўсади.

“Қиладиган ишларимиз жуда кўп. Шундай соҳалар борки, давлат ушбу соҳаларнинг ғилдирагини айлантириб юбориши керак. Инфраструктура биринчи навбатда. Иқтисодиётни ўнглаш, аҳолини электр энергияси, газ, ичимлик суви билан таъминлаш, йўллар қуришни ташқи қарз ҳисобидан қилишга тўғри келади. Буларни ҳеч қачон тадбиркорлар қурмайди. 

Лекин келаётган уч йилда ташқи қарзимиз тез ўсади деганим бу жараён доим шундай давом этади дегани эмас. Агар очиқ гапирадиган бўлсак, Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банкининг тавсиясига кўра давлат ташқи қарзи ЯИМга нисбатан 50-55 фоиз атрофида бўлиши барқарор ҳолат ҳисобланади. Шунинг учун ташқи қарзимиз 50 фоизга борганда ҳушёр бўлсак бас. Битта нарсани ёддан чиқармаслик керак. Ташқи қарз ўсганда, мамлакат ЯИМ ҳам ўсишини таъминлай олсак, ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Агар ташқи қарз ўсиб, ЯИМ ўсмаса, бу банкротликка олиб келади. 2018 йилда ялпи ички маҳсулотимиз 50 млрд эди, 2019 йилда 58 млрд бўлди. Беш йилдан кейин насиб этса 100 млрд бўлиши мумкин. Юз миллиарднинг 50 фоизи 50 млрд бўлади ва бу дегани четдан бемалол шу миқдоргача қарз олишимиз мумкин”, деди Жамшид Қўчқоров.

Молия вазири, шунингдек, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам тушунтириш берди.

Жамшид Қўчқоров

“2019 йилда олтин-валюта захираларимиз икки миллиардга кўпайди. Тўғри, бу асосан олтин нархининг ошиши ҳисобига бўлди, лекин захираларимиз хавотирли даражада камайиб кетгани ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз. Илгари бу маълумотларни 20 га яқин киши биларди. Бугунги кунда Марказий банкнинг ёки Молия вазирлигининг сайтига кирсангиз, бу маълумотлар ҳамма учун очиқ турибди”, деди молия вазири.

Жамшид Қўчқоровга кўра, жамоатчиликнинг мамлакат ташқи қарзи ва олтин-валюта захираси камаяётгани ёки кўпаётгани билан қизиқа бошлаганининг ўзи яхши ҳодиса. Унинг таъкидлашича, халқ мамлакатнинг сиёсий жараёнларига аралашмаса, ҳеч қандай ислоҳот ҳам, тараққиёт ҳам бўлмайди.

Мавзуга оид