Халқ манфаатларидан келиб чиқиб, чуқур ўйлаб кейин интеграция жараёнларида иштирок этишимиз керак — Абдулазиз Комилов
Халқаро Пресс клубнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга мурожаатномасига бағишланган туркум таҳлилий сессияларининг илк мулоқоти бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари, Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Акмал Саидов, Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, Молия вазири Жамшид Қўчқоров, Адлия вазири Русланбек Давлетов спикерлик қилишмоқда.
Сессияда сўз олган Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг халқаро интеграция жараёнларига қўшилиши, хусусан Евросиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлик масаласида президент томонидан белгилаб берилган вазифаларга тўхталди.
«Ўзбекистон бу йил МДҲда раислик қилишни ўз зиммасига олган. Бу ташкилот доирасида ҳам алоҳида келишиб, ҳамкорлик қилишда давом этамиз. Бундан ташқари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти каби йирик минтақавий ташкилотлар бор. Бу ерда ҳам кўп режалар ва тадбирлар назарда тутилган, улардан бир нечтаси Ўзбекистонда бўлиб ўтади.
Прзезидентимиз ўз мурожаатномасида интеграция масаласига тўхталиб ўтди. Бугунги кун тартибимизда учта катта ташкилот билан интеграциялашув масаласи бор. Булар — Евросиё иқтисодий иттифоқи, Жаҳон савдо ташкилоти, Европа иттифоқи билан билан ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги янги битимни тузиш.
Улар билан батафсил музокараларни олиб бормоқдамиз. Ўзбекистон мана шу интеграцион ташкилотларнинг қайси қисмида, қайси шаклда иштирок этиши мумкинлиги ўрганилмоқда.
Евросиё иқтисодий иттифоқи билан интеграциялашув борасида айниқса жуда кўп саволлар туғилмоқда. Шуни айтмоқчи эдимки, ўзи бизнинг умуман интеграция масалаларига муносабатимиз қандай бўлиши керак?
Интеграция — глобаллашув даврида табиий жараён. Барча давлатлар интеграцияга интилади. Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар сингари, бу жараёнлардан четда қолиб кетиши мумкин эмас.
Мақсад нима? Президетимиз очиқ-ойдин таъкидлаб ўтдики, биз доим Ўзбекистоннинг давлат ва миллий манфаатларидан келиб чиқамиз. Бизнинг ташқи бозорларга чиқадиган йўлларимизнинг 80 фоизи Қозоғистон, Қирғизистон транзит йўллари орқали ўтади. Бундан ташқари, бошқа масалалар ҳам бор. Шунинг учун авваломбор биз ўз манфаатимизни инобатга олиб ҳаракат қиламиз, диққат марказимизда Ўзбекистон халқининг манфаати бўлади.
ЕОИИга аъзо бўлган давлатлар ўзлари дучор бўлиб турган кўп муаммолар ҳақида гапиришмоқда. Биз ана шундай муаммоларга дуч келиб, улар қилган хатони қайтариб ўтирмасдан, чуқур ўйлаб кейин интеграция жараёнларида иштирок этишимиз керак», — деди ташқи ишлар вазири.
Мавзуга оид
14:38 / 07.11.2024
«Туркий давлатлар ташкилоти ЕОИИга рақобатчи бўлади» – қирғиз сиёсатшуноси
22:40 / 19.10.2024
Миллион долларлик лицензия, ЕОИИга рад жавоби ва 2х ЯИМ прогнози — ҳафта дайжести
21:12 / 17.10.2024
Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий тузилмаларга қўшилмайди — Акмал Саидов
19:07 / 13.09.2024