Ўзбекистон | 21:00 / 29.01.2020
26626
3 дақиқада ўқилади

Коронавирус профилактикасида тепловизорлар фойдасизми? Вазир ўринбосари муносабат билдирди

Франция соғлиқни сақлаш вазири Анес Бузеснинг айтишича, янги коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун аэропортларда ўрнатилаётган теплевизорлар кутилган самарани бермайди: «Сканерлаш хавфсизлик чоралари кўрилаётгандек тасаввур уйғотиши мумкин, лекин аслида бу йўл билан мақсадга эришиб бўлмайди, яъни касаллик симптомлари кейинроқ юзага юзага чиқиши ёки оддий аспирин ёрдамида иситмани вақтинча тушириш мумкин».

Хитойда эпидемия тарқалиши ортидан Ўзбекистон ҳам барча чегара пунктларига тепловизорлар ўрнатди. 29 январь куни Халқаро пресс-клуб сессиясида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги юқоридаги фикрга изоҳ берар экан, вируснинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш учун тепловизорлардан ташқари бошқа чоралар ҳам қўлланаётганини айтиб ўтди.

«Хотиржам бўлмаслигимиз керак, лекин огоҳ бўлишимиз керак, шу билан бирга, таҳликага тушиш ҳам керак эмас.

Тўғри, тепловизор иситмаси юқори бўлган тақдирдагина кўрсатади. Касалликнинг яширин муддати 14 кунгача бўлиши мумкин. Айтганингиздек, ўша пайтда тепловизор беморда бошланган касалликни аниқлай олмаслиги мумкин.

Шунинг учун, биз ҳар битта карантин-санитария пунктларида тепловизордан ташқари шифокор назоратини ҳам ўрнатдик», – деди Юсупалиев.

Баҳодир Юсупалиев

Вазир ўринбосари фуқароларни яна бир бор огоҳ бўлишга ва шу билан бирга ваҳима қилмасликка чақирди.

«Биз соғлиқни сақлаш тизимидаги барча юқумли касалликлар шифохоналарида, шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимларида алоҳида штаблар ташкил қилдик. Штабларга шу йўналишга жавобгар инфекционист шифокорлар, санитария-эпидемиология маркази вакиллари бириктирилган.

Агарда қаердадир касаллик белгиси аниқланса, тезкорлик билан ҳаракат қилишга имкониятимиз бор. Бундан ташқари, зарур тиббий воситалар захираси тайёрланган.

Ҳозирги кунда Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда касалликка ташхис қўювчи диагностикларни харид қилиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Кеча бош вазир бекорга комиссия йиғинини ўтказмади. Бу барчамиз огоҳ бўлишимиз учун», – деди у.

Баҳодир Юсупалиев аҳоли кўп тўпланадиган жойларда шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилишнинг муҳимлигини қўшимча қилиб ўтди.

Мавзуга оид