Ўзбекистон | 21:50 / 04.02.2020
2988
2 дақиқада ўқилади

Болаларнинг давлат органларига мурожаатлари тўлиқ кўриб чиқилиши кафолатланади

Бугун, 4 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида «Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ҳужжат билан қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилаётган ўзгартишга кўра, 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, республикадан маъмурий тарзда чиқариб юбориш тақиқланмоқда.

Уй-жой кодексига ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар-жойларни улар меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисида қоида киритилмоқда.

Таъкидланишича, бугун ота-она қарамоғисиз қолган болалар ҳимоясини таъминлаш борасида айрим муаммолар кўзга ташланяпти. Бу қоиданинг киритилиши меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг келажакдаги ҳаётини яхшилаш, айримларининг ота-онасидан мерос қолган мулк ҳуқуқини сақлаб қолишда муҳим ўрин тутади.

Солиқ кодексига ушбу тоифадаги шахсларнинг фуқаролик ишлари бўйича судларга даъволарни киритишда давлат божи тўлашдан озод қилиш тартиби тўғрисидаги қоида киритиш таклиф қилинган.

Бундан ташқари, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонунга киритилаётган қўшимчада ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланиши, бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги назарда тутилмоқда.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид