Ўзбекистон | 15:55 / 04.02.2020
15068
3 дақиқада ўқилади

Давлетов: Энг кучли адвокатлар ҳам кимгадир бепул хизмат кўрсатишга мажбур бўлади

Таклиф этилаётган тизимга кўра, барча адвокатларга аҳолига бепул хизмат кўрсатиш бўйича юклама белгиланиши мумкин. Бунда кимга қайси адвокат тушишини тизимнинг ўзи танлаб бериши, бу жараёнга инсон омили аралашмаслиги айтилмоқда.

Адлия вазири Русланбек Давлетов давлат томонидан тайинланадиган адвокатлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирди.

«Давлат томонидан тайинланадиган адвокатлар билан муаммолар борлиги рост. Чунки кўп ҳолатларда ўша соҳанинг эгалари ўзининг «дежурный» адвокатини топиб олишган, иш чиққан пайтда ўшани чақириб олишаверади. [Яъни кимгадир давлат томонидан адвокат тайинлаш керак бўлса,] белгиланган тартибда «дежурный» адвокатни жалб қилаверади ва бунинг натижасида бир хил адвокатлар жуда кўп ишларда айланаверади», деди Давлетов 3 февраль куни матбуот анжуманида.

Унинг қайд этилишича, Адлия вазирлиги бу муаммодан хабардор ва атрофлича таҳлил қилинган. Муаммони бартараф этиш учун янгича механизм ишлаб чиқилган ва айни пайтда ушбу янгиликнинг молиявий жиҳатлари муҳокама қилиняпти.

«Мазкур муаммо борлигини биламиз ва таҳлил қилганмиз. Бу муносабатларда расмий равишда Адлия вазирлигининг ўрни йўқ. Биз бу муаммони ҳал қилиш учун янги қарор лойиҳасини тайёрладик. Лойиҳада вилоят ва республика даражасида бепул ҳуқуқий маслаҳат марказларини ташкил этиш ва адвокатларни қайси ишга тайинланишини марказнинг ўзи тартибга солиши таклиф этилган. Ҳозир бу бўйича Молия вазирлиги билан келишяпмиз.

Битта механизм таклиф қиляпмиз. Автоматик равишда адвокатларни танлайдиган, инсон омили аралашмайдиган тизим қилмоқчимиз. Адвокатлар рўйхати базага киритилади, кимга қайси адвокат тушишини тизимнинг ўзи танлаб беради ва ўша адвокат ўша одамга бориб хизмат кўрсатишга мажбур бўлади.

Тизим шундай қурилганки, Ўзбекистондаги энг кучли адвокатлар ҳам кимгадир бепул хизмат кўрсатишига тўғри келади. Америкада ҳам шундай. Масалан, бепул хизмат кўрсатиш бўйича адвокатларга юкламалар берилган. Шунақа ҳолатлар бўладики, ҳуқуқий ҳимояга муҳтож камбағал одамларга кучли адвокатлар тушиб қолади. Адвокат ўзининг репутацияси учун нима қилиб бўлмасин шу одамни оқлашга, ҳимоя қилишга ҳаракат қилади. Биз ҳам худди шу тартибга ўтамиз», дея таъкидлайди Русланбек Давлетов.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Адлия вазирлиги ҳузурида Бепул юридик ёрдам кўрсатиш маркази ташкил этилиши, у аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш соҳасида давлат сиёсатини тартибга солиши, бунда бепул юридик ёрдамнинг самарали миллий тизими яратилиши, аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг малакали юридик ёрдам ва ҳуқуқий ҳимояга бўлган ҳуқуқлари таъминланиши айтилганди.

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид