Жаҳон | 22:48 / 04.02.2020
71003
2 дақиқада ўқилади

Иккита давлатда парранда гриппи авж олгани қайд этилди

2015 йилда АҚШнинг Айова ва Миннесота штатларида авж олган парранда гриппи оқибатида иқтисодиётга 1 млрд доллар зарар етганди.

Фото: Reuters

Саудия Арабистони ва Вьетнамда юқори патогенли парранда гриппи авж олгани қайд этилди. Бу ҳақда Жаҳон жониворлар саломатлигини ҳимоя қилиш ташкилоти (OIE) хабар берди.

Саудия Арабистони қишлоқ хўжалиги вазирлиги бўлим бошлиғи Санад Алҳарбийнинг маълумот беришича, қиролликнинг марказий қисмидаги парранда фабрикасида H5N8 гриппи тарқалганлигини аниқланган. Касалликдан 22,7 минг бош парранда ҳалок бўлган, 385 минг бошдан ортиқ парранда сўйилган.

Вьетнам қишлоқ хўжалиги вакили Хитой билан чегарага яқин бўлган қишлоқда H5N6 гриппи тарқалганини маълум қилди. Қайд этилишича, бу ерда 3 минг бош паррандадан 2,2 минг боши ҳалок бўлган.

2015 йилда АҚШнинг Айова ва Миннесота штатларида авж олган парранда гриппи оқибатида иқтисодиётга 1 млрд доллар зарар етганди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, парранда гриппи кўпинча яққол симптомларсиз кечувчи қушлар юқумли вирус касаллиги ҳисобланади. Баъзи ҳолларда вирус одамлар ва ҳайвонларда касаллик ёки симптомларсиз инфекциялар келтириб чиқариши мумкин.

Мавзуга оид