Ўзбекистон | 17:39 / 05.02.2020
5088
2 дақиқада ўқилади

Олдин рецептсиз дори сотишга қарши самарали чора йўқ эди, энди бор — Фармацевтика агентлиги

«Республика фармацевтика тармоғидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори муҳокамасига оид матбуот анжуманида дори воситалари савдосини тартибга солишга тўхталиб ўтилди.

 Бугун, 5 февраль куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, «Дори-дармон» АК мутахассислари иштирокида бўлиб ўтган тадбирда соҳада олиб борилаётган ишлар бўйича маълумотлар берилди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Сардор Кариевнинг маълум қилишича, ҳозир Ўзбекистонда умумий дори воситаларининг 45 фоизи маҳаллий компаниялар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Аммо пулга чаққанда, яъни умумий айланмадаги ҳиссаси ҳисобланганда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар улуши 20 фоизга тенг бўлади. Қибрай туманида 42 гектар майдонда ташкил этилаётган Фармацевтика кластери соҳадаги муаммолар, жумладан кадрлар масаласини ҳам бартараф этишга мўлжалланган.

Тадбир давомида дори воситалари савдосини тартибга солишга тўхталиб ўтилди.

2019 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Респубикаси президенти томонидан имзоланган қарорга мувофиқ, 2020 йил 1 июлдан бошлаб мулкчилик шаклидан қатъи назар, республиканинг барча тиббиёт ташкилотларида, дори воситаларининг халқаро патентланмаган номини рецепт ёзишда қўллаш тартиби, тиббиёт ташкилотлари ва дорихоналари томонидан қонун талабларига риоя этилишини мониторинг қилиш ва баҳолаш мақсадида «Сирли харидор» институти жорий этилади.

Агентлик Ахборот-таҳлил бошқармаси бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова дори воситаларини рецепт билан сотишни йўлга қўйиш бўйича тизимни тартибга солиш учун нималар тўсқинлик қилаётгани ва уларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилиши ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Олдин ҳам бундай уринишлар бўлган, лекин бизда савдо қоидаларини бузган дорихоналарга нисбатан самарали чора механизмлари йўқ эди. Мазкур қарорга мувофиқ энди ҳар бир дорихонада кузатув камерлари қўйилади ва улардаги маълумотлар бир ой давомида сақланади. Қоидабузарларга таъсир чоралари ҳам жиддий кучайтирилди, биринчи қоидабузарликда 50 минимал жарима, кейингиларида маъмурий ва ҳатто жиноий жавобгарлик масаласи кўрилади», дейди у.

Мавзуга оид