Жаҳон | 23:02 / 10.10.2024
1796
2 дақиқада ўқилади

Британия компанияси Zantac дориси туфайли киритилган даъволарга 2,2 млрд доллар тўлайди

АҚШ назорат органлари 2020 йилда Zantac’да ишлатиладиган ранитидин саратонни юзага келтириши мумкинлиги туфайли ушбу дори воситасини савдодан олган.

Фото: Bloomberg

Британиянинг GSK фармацевтика гиганти ўзининг жиғилдон қайнашига қарши Zantac дориси саратон касаллигини келтириб чиқаргани бўйича АҚШ судларига киритилган минглаб даъволар учун 2,2 миллиард доллар тўлашини маълум қилди.

Фирма 80 минг даъвогар манфаатларини ҳимоя қилаётган 10 та юридик фирмалар билан келишувга эришган. Амалга оширилаётган келишувлар барча ҳолатларнинг 93 фоизини ташкил қилади.

GSK шунингдек, ишлаб чиқарувчи Zantac дори воситаси натижасида саратон келиб чиқишига оид маълумотларни яшириб, АҚШ ҳукуматини алдаганини маълум қилган лаборатория ходимига 70 миллион доллар тўлайди. Шу билан бирга, GSK компанияси бирорта ҳолатда ҳам ўз айбини тан олмаган.

Компаниянинг инвесторларга берган баёнотида таъкидланишича, дори воситасининг саратон хавфини ошириши тўғрисида «ҳеч қандай изчил ёки ишончли далил» мавжуд бўлмаса-да, келишувлар «катта молиявий ноаниқликка барҳам беради».

АҚШда Zantac савдосига илк бор 1983 йилда рухсат берилган. Беш йил давомида у дунёда энг кўп сотилган дори воситаси бўлган — йиллик савдо ҳажми 1 миллиард доллардан ошган. 2020 йилда АҚШ назорат органлари Zantac’да ишлатиладиган ранитидин саратонни юзага келтириши мумкинлиги туфайли ушбу дори воситасини савдодан олган. Бу эса ўз навбатида, ишлаб чиқарувчига нисбатан ўн минглаб даъволарнинг киритилишига сабаб бўлди.

GSK компаниясидан ташқари дори воситаси Pfizer, Sanofi ва Boehringer Ingelheim фармацевтика компаниялари томонидан ҳам сотиб келинган. Pfizer ва Sanofi юзага келган баҳсларни бартараф этишга розилик билдирган.

Мавзуга оид