Иқтисодиёт | 13:50 / 06.02.2020
63727
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми рекорд даражага етди

Ташқи шок ҳолатлар юзага келган тақдирда захиралар мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳисобланади

Фото: Bloomberg

Марказий банк (МБ) Ўзбекистон олтин-валюта захиралари статистикасини янгилади.

2020 йил 1 январь ҳолатига кўра расмий захиралар 29,1 млрд долларни ташкил этди. Халқаро захиралар - 28.6 млрд доллар. Ўзбекистоннинг захиралари заиф диверсификацияланган, шунинг учун деярли барча миқдор хорижий валюта (12,4 млрд доллар) ва олтин (16,3 млрд доллар) ўртасида тақсимланган.

Spot’нинг ёзишича, Марказий банк ушбу маълумотларни ошкор қила бошлаганидан бери (2017 йил кузида) биринчи марта расмий захиралар 29 миллиард доллардан ошди.

Улар асосан олтин нархининг ўсиши ҳисобига ўсди, сабаби олтиннинг ўзи 2019 йил октябрь ойида бўлгани каби деярли бир хил - 10,8 миллион троя унцияси (банклар ва заргарлар томонидан ишлатиладиган оғирлик бирлиги 31,1034768 грамм). Агар тоннага айлантирилса, бу 336 тоннага тенг.

Захиралар, шу билан бирга, мамлакатнинг «хавфсизлик ёстиқчаси» деб ҳам ҳисобланади - улар салбий ташқи шок ҳолатларда зарбани камайтирувчи омил сифатида зарур ва захираларнинг етарлилиги шок ҳолатларнинг хусусиятига бевосита боғлиқ.

2019 йил кузида Ўзбекистон 13 ойлик импортни молиялаштириш учун етарли захирага эга экани маълум бўлди. Бу тавсия этилган кўрсаткичдан тўрт баравар кўп.

Аввалроқ, Ўзбекистон олтиннинг бир қисмини хорижий облигацияларга алмаштириши ҳақида маълумотлар тарқалганди. Хусусан, Марказий банк хорижий облигациялар ҳисобидан олтин улушини камайтириш орқали ўз захираларини диверсификация қилмоқда.

«Олтиннинг улуши камроқ бўлади. Биринчидан, захираларнинг ўзи кўпайиб боради, иккинчидан, биз кўпроқ олтин сотамиз», - деганди ўтган йилнинг июль ойи бошида Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуродов.

Унга кўра, тўрт-беш йилдан кейин ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар олтинни жаҳон бозорида тўғридан-тўғри сотиш имкониятига эга бўлади. Ҳозир эса харидор мамлакат ичидаги олтинни сўмга сотиб олиб, уларни ташқи бозорда долларга сотадиган Марказий банкдир.

«Биз сўмнинг алмашув курсини қўллаб-қувватлаётганимиз йўқ, тебранишларни юмшатишга ҳаракат қилмаяпмиз. Бизнинг бозорда иштирок этишимиз валютани қўллаб-қувватлашга аралашиш эмас, балки олтин сотиб олиш учун компенсациядир», - дея тушунтирганди Марказий банк раҳбари.

Мавзуга оид